Жомбойда замонавий кутубхона очилди

21:58 23 Март 2023 Жамият
627 0

Фото: Халқ сўзи

Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари доирасида Самарқанд вилояти Жомбой туманида янги ахборот-кутубхона маркази фойдаланишга топширилди.

Президентимизнинг «Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан Жомбой туманида 2020 йилда ахборот-кутубхона фаолияти йўлга қўйилган эди. Аммо замонавий шароитга эга бўлмагани боис талаб даражасида хизмат кўрсата олмаётганди. Ўтган йили туман зиёлилари томонидан кутубхона учун замонавий бино қуриш ташаббуси илгари сурилди. Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида «Ташаббусли бюджет» платформасига жойлаштирилган ушбу лойиҳа туман аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада Молия вазирлиги томонидан 1 миллиард 200 миллион сўм ажратилиб, туман марказида янги бино бунёд этилди ва китобхонлар учун замонавий шароит яратилди.

Ахборот-кутубхона марказининг икки қаватли биноси юз ўринга эга бўлиб, унда иккита ўқув зали, болалар бўлими, АКТ ва сақлаш, шунингдек, конференциялар ўтказишга мўлжалланган хоналар мавжуд. Марказ фондида 15,5 минг дона китоб бўлиб, уларнинг 12 минг 128 донасини бадиий адабиётлар ташкил қилади.

Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими Қаюм Собиров, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар янги маърифат марказининг очилиши билан йиғилганларни, улар орқали барча туман аҳлини қутлаб, китобхонликни оммалаштириш заруратини қайд этдилар.

— Юртимизда китобхонликни оммалаштириш, ёшлар ўртасида китоб мутолаасини ривожлантириш борасида кенг кўламлик ислоҳотлар жараёнида марказимиз замонавий бинода фаолият бошлади, — дейди Жомбой туман АКМ раҳбари Фарида Нуриллаева. — Марказимизда китобхоналар учун барча шароит яратилди. Бугун бу ерга келган кексаю ёш бунинг гувоҳи бўлдилар. Албатта, энди китобхонларимиз сони ҳам кескин ортади. Шунга кўра китоб фондини ошириб, китобхонларга сифатли хизмат кўрсатиш асосий вазифамизга айланди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер