Жомбойда юртимизда учрамайдиган 65 хил мевали дарахт кўчатлари парваришланмоқда.

11:33 16 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
2417 0

Жомбой туманидаги «Боғбон» агрокомплексида ташкил қилинган “In vitro” лабораториясида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари замонавий технологиялар асосида вегетатив усулда етиштирилмоқда.

Умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида шу пайтгача хориждан олиб келинган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари маҳаллий шароитда тайёрланяпти. Туркия, Хитой, Эрондан давлатларининг замонавий асбоб ускуналари ўрнатилган мазкур лабораториянинг ишга туширилиши 80 та янги иш ўрни яратилишига замин яратди.

Лаборатория учун 24,04 гектар ер майдони ажратилган. Шундан 0,24 гектар ер майдонида лаборатория, 1 гектар майдонда замонавий иссиқхона фаолият юритмоқда. 22 гектар ер майдонида эса Ўзбекистон Республикасида учрамайдиган 65 хил мевали дарахтлар кўчатлари олиб келиниб парвариш қилинмоқда.

Хусусан, бу ерда ёнғоқ, бодом, шафтоли, ўрик, беҳи ва ҳурмо каби мевали дарахтларнинг турли касаллик ва зараркунандалардан ҳоли бўлган ҳамда қурғоқчиликка чидамли, маҳаллий иқлим шароитига мос навларининг кўчатлари етиштирилади.

— Фаолиятимизни бошлаган даврда хориждан олиб келинган кўчатларимизнинг ҳар бир донасининг таннархи 5 доллардан 20 долларгача етган, — дейди “In vitro” лабораторияси раҳбари Илёс Ҳайдаров. — Айни пайтда биз етиштираётган кўчатлар 3-3,5 доллар қийматга эга бўлмоқда. Энг муҳими, боғдорчилик билан шуғулланиш ниятида келган харидорларнинг самарали фаолият юритишлари учун уларнинг тупроқ шароитини ўрганиб, ерга мос кўчатларни тавсия қиламиз. Бунинг учун тупроқ ташхислаш лабораториямиз ҳам ташкил қилинган.

Дарвоқе бу ерда Самарқанд Ветеринария медицинаси институти, Самарқанд Давлат Университети, Тошкент давлат аграр унивеситети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Геномика ва Биоинформафтика Маркази билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Лаборатория қошида агрокимё ва тупроқшунослик лабораторияси ишга туширилиб, уюшма аъзолари томонидан келтирилган тупроқ, сув ва барг намуналари тўлиқ таҳлил қилинмоқда. Мазкур лабораторияда тупроқнинг 15 хил кимёвий кўрсаткичлари таҳлил қилинади.

Лабораториянинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллиондан 20 миллион донагача пайвандтаг, пайвандланган кўчатлар етиштириш имконини беради. Жорий йилнинг ўтган даврида 4 миллиондан 6 миллион тупгача кўчат тайёрланди. Бу кўрсаткич 2021-2022 йилга бориб 20 миллионга етказилиши кўзда тутилган. Айни пайтда қўшни Туркманистон, Афғонистон, Қирғиз Республикаларидан буюртмалар келиб тушмоқда. 2023 йилдан лабораторияда етиштирилган кўчатларни экспортга чиқариш режалаштирилган.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер