Жажжи шахматчилар — келажак чемпионлари

14:19 17 Март 2026 Жамият
217 0

Бугун дунё шахмат оламида ўзбек шахматчилари муносиб ўрин эгаллаб, юртимиз номини халқаро майдонларда шараф билан ҳимоя қилмоқда. Рустам Қосимжонов, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Якуббоев каби маҳоратли гроссмейстерларимиз дунё шахмат мухлисларини лол қолдириб келмоқда. Ана шундай улкан ютуқлар замирида мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик мужассам.

Бунинг ёрқин мисолларидан бири Термиз шаҳри Ёшлар марказида Сурхондарё вилояти мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган “Шахмат фестивали” бўлди. Доналарни катта иштиёқ билан сурган жажжи ўғил-қизларнинг ўйин маҳоратини кузатган ҳар бир киши уларнинг иқтидори ва зеҳнига қойил қолади.

Фестивалда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 30 нафар иқтидорли тарбияланувчи иштирок этди. Ёш шахматчилар ўртасидаги беллашувлар қизиқарли ва муросасиз кечиб, ҳар бир партия ўзига хос зеҳний курашга айланди. Болаларнинг мантиқий фикрлаши, вазиятни тўғри баҳолай олиши ва ғалаба учун интилиши тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.

Якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида Миркамол Нормаматов (Бойсун тумани, 7-сонли ДМТТ) биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Аброржон Тошпўлатов (Термиз шаҳри, 27-сонли ДМТТ)га насиб этди. Учинчи ўринни эса Аброр Омонов (Жарқўрғон тумани, 34-сонли ДМТТ) эгаллади.

Қиз болалар ўртасида эса Хусния Нуриддинова (Термиз шаҳри, “Волшебний замок” НМТТ) ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Асила Шодмонова (Жарқўрғон тумани, 26-сонли ДМТТ), учинчи ўрин эса Дилара Сафарова (Шўрчи тумани, 12-сонли ДМТТ)га насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мазкур фестиваль нафақат болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, балки уларда мантиқий фикрлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш, шахматга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, бу каби тадбирлар мамлакатимизда ёшлар спорти ва интеллектуал ривожига берилаётган эътиборнинг амалий ифодаси бўлиб, келажакда янги гроссмейстерлар камол топишига мустаҳкам замин яратмоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер