ЖАРда «COVID-19»ни юқтириш ҳолатлари жуда кескин ўсмоқда. Беморлар орасида болалар кўп
Иллюстратив фото
Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да «COVID-19» билан касалланганлар сонининг жуда кескин ўсаётгани маълум қилинди.
Бу ҳақда ЖАР тиббиёт ассоциацияси бошқаруви аъзоси, Гаутенг провинциясида фаолият олиб бораётган йоханнесбурглик шифокор Франкишнинг айтиб ўтди. Унга кўра, мамлакатда «COVID-19»нинг янги штамми — «Омикрон» тарқалиши туфайли инфекция билан зарарланаётганлар сони кескин ўсмоқда.
«Коронавирус ташхиси қўйилган янги беморларнинг оқими жуда катта. Бу кучли тўлқин бўлишини кўрсатмоқда. Беморлар орасида болалар кўп», дейди шифокор.
Унинг таъкидлашича, ҳозир «Омикрон» штамми билан зарарланганларда касалликнинг асосан енгил шакли кузатилмоқда. Кам бемор касалхонага ётқизилмоқда, кўпчилик уйда қолмоқда.
Шифокорнинг сўзларига кўра, ЖАР пандемиянинг янги тўлқини бошида эканлигини ҳисобга олсак, бу ўзгариши мумкин.
Аввалроқ, ЖАР ОИТСга қарши тадқиқот дастури маркази директори Салим Абдул Карим «Омикрон» штамми мамлакатда расман тасдиқланганидан анча олдин пайдо бўлганини маълум қилган эди.
Унинг таъкидлашича, «Омикрон» коронавируснинг аввалги барча штаммларига қараганда юқумлироқ. Шу ўринда Карим мутахассислар янги мутациясининг тарқалиш тезлигидан ҳайратда эканини айтган.
Мутахассиснинг изоҳлашча, бу «Омикрон» коронавируснинг бошқа штаммларига қараганда касалликнинг оғирроқ шаклларини келтириб чиқаради, дегани эмас.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг