Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш таклиф қилинди
Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда палата фаолиятида жамоатчилик иштироки янада кучайганини қайд этди. Хусусан, янгиланган Конституциямизда 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар ўз таклифларини қуйи палатага киритиш ҳуқуқига эга экани кафолатланганди.
Фуқароларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этишни таклиф қилди.
Жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда парламентнинг фаол иштирок этиши муҳим. Масалан, бу йил ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, маҳаллаларни обод қилиш бўйича инвестиция дастурларига 30 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
«Бироқ, ана шу дастурни қабул қилишда қайси депутат қатнашди, унинг ижроси бўйича кимдан ҳисобот талаб қилди, деган саволлар очиқ қолмоқда», дейилади хабарда.
Шу муносабат билан Президент инвестиция дастурларини тайёрлашда депутатлар ҳам албатта иштирок этадиган, уларнинг фикри инобатга олинадиган тизим яратиш ташаббусини илгари сурди.
Бундан ташқари, туман ва шаҳарларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида келгуси йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш таклиф этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг