Жамғармаси 30 миллионлик турнир ғолиблари аниқланди
«ZIYO FORUM» Илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш Халқаро фонди томонидан Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида киберспортнинг «CS:2» йўналиши бўйича мукофот жамғармаси 30 миллион сўм бўлган «ZIYO CUP» турнири бўлиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда пойтахтимизда ёшларни бўш вақтларида оммавий спорт ўйинларига жалб этиш мақсадида турли тадбирлар ва интеллектуал ўйинлар ташкил этиб келинмоқда. «ZIYO FORUM» томонидан ташкил этилган ушбу мусобақа Ўзбекистонда киберспортни ривожлантириш ва оммалаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш ҳамда уларни профессионал киберспортга йўналтириш, ахборот технологиялари ва IT-индустрия учун салоҳиятли кадрларни тайёрлаш ҳамда уларни соҳага жалб қилиш ишларини янада кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Турнирнинг саралаш мусобақаларида юртимиздан умумий 68 та давлат ҳамда нодавлат Олий таълим даргоҳлари талабалари ўртасида ташкил этилиб, саралаш ўйинларида жами 450 нафарга яқин талаба иштирок этди.
Муросасиз курашларга тўла ўтган турнирда Қорақалпоқ давлат университети талабаларига тенг келадигани топилмади, улар 1-ўринни қўлга киритиб 15 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланишди. 2-ўринга Вебстер, 3 ва 4-ўринларга эса Инҳа ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабалари лойиқ кўрилди. Улар ҳам 10 ва 5 миллионлик пул мукофотларига сазовор бўлишди.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг