Жаҳон банки Ўзбекистонга газ сизиб чиқишини бартараф этиш механизмини яратиш учун грант ажратди
Жаҳон банки Ўзбекистонга 10,6 млн доллар миқдорида грант ажратилишини маъқуллади. Маблағлар эскирган газ транспорти инфратузилмасидаги газ сизиб чиқишини камайтириш ҳамда мамлакатдаги уй хўжаликлари ва саноат корхоналарини таъминлаш учун табиий газни тежаб қолишга йўналтирилади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга, давлат даромадларини оширишга ва қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
«Ўзбекистоннинг газ транспорти инфратузилмаси техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга етарлича инвестиция киритилмагани сабабли вақт ўтиши билан эскирган, бу эса газ сизиб чиқиши ва молиявий йўқотишларга олиб келмоқда. Зарур ишлар амалга оширилмаса, 2030 йилга бориб умумий йўқотишлар 1,75 млрд куб метр газни ташкил этиши мумкин, бу эса 228 млн доллар миқдоридаги бой берилган даромадга тенгдир», — дейилади хабарда.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳасиннинг таъкидлашича, газ транспорти тизими самарадорлигини ошириш газ йўқотишларини камайтириш ва шу орқали Ўзбекистон аҳолиси ҳамда бизнеси учун мамлакатда ишлаб чиқарилган ва ҳамёнбоп энергияни кўпроқ етказиб бериш имконини беради. Тармоқлардаги сизиб чиқишларни камайтириш ресурсларнинг қўшимча тежалишини ва сезиларли иқтисодий афзалликларни таъминлайди.
«Ўзбекистонда газ сизиб чиқишини бартараф этиш механизмини яратиш» лойиҳаси «Ўзтрансгаз» давлат компанияси томонидан бошқариладиган газ транспорти тармоқларида аксарият сизиб чиқишларни аниқлаш ва бартараф этиш жараёнларини йўлга қўйишга ёрдам беради.
2029 йилга келиб, таъмирлаш ишлари туфайли ҳар йили тахминан 47,5 минг метрик тонна газ сизиб чиқишининг олди олиниши ва ушбу ҳажм истеъмолчилар ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказиб берилиши режалаштирилган. Йўқотишларнинг камайиши, шунингдек, қарийб 18 млн доллар миқдоридаги маблағни тежаш имконини беради.
Ажратилган маблағларнинг катта қисми газ сизиб чиқишини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича узоқ муддатли чора-тадбирларга сарфланади. Бу «Ўзтрансгаз» тизимининг самарали ва ишончли ишлашини таъминлайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг