Жаҳон банки Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини яхшилаш учун 200 млн доллар ажратади

11:33 24 Март 2026 Иқтисодиёт
281 0

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган 200 млн долларлик лойиҳани маъқуллади.

Ушбу янги лойиҳа доирасида вилоятдаги «М41» минтақавий автомобиль йўлининг 91 километр қисми реконструкция қилинади. Маълумот учун, ушбу йўл Ўзбекистонни Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон билан боғлайди.

Билдирилишича, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган ва худди шундай давлатлар билан ўралган Ўзбекистон Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида 2014 йилдаги 129 ўриндан 2023 йилда ўз ҳудуди ичида ва унинг чегаралари орқали товарларни ташиш тезлиги ва ишончлилиги бўйича баҳоланган 139 та давлат орасида 88 ўринга кўтарилган.

Шунингдек, автомобиллар сонининг жадал ўсиши йўл инфратузилмаси ривожланишидан анча олдинда бўлиб, Ўзбекистон транспорт тармоғига юкламани ошираётгани ҳам қўшимча қилинган.

Прогнозларга кўра, республикамиз бўйлаб юк ташиш ҳажмининг кутилаётган ўсишини қоплаш учун йўлларнинг ўтказувчанлигини сезиларли даражада, 2030 йилга келиб тахминан 500 фоизга ва 2050 йилга келиб 1 400 фоизга ошириш лозим бўлади.

«Аҳоли бандлигини ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш, ички ва халқаро савдони ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш учун самарали ҳамда хавфсиз автомобиль ва темир йўллар тармоғини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга,» – дея таъкидлайди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин.

Мазкур янги лойиҳа беш йиллик ҳисобланиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Сурхондарё вилоятидаги М41 минтақавий автомобиль йўлининг 91 километр қисмини реконструкция қилишда Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги «Автойўлинвест» агентлигини қўллаб-қувватлаш.
  • Транспорт вазирлигига мультимодал ташувларни ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда кўмаклашиш.
  • «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (Ўзбекистон темир йўллари компанияси) бизнес-жараёнларини, жумладан корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш, молиявий шаффофликни ошириш, йўловчи ташишни режалаштириш ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) амалиётини такомиллаштиришга қаратилган тадбирларни молиялаштириш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер