Жаҳон ареналарига йўл шу ҳовлидан бошланган

19:06 28 Май 2025 Жамият
223 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бугун қамашилик спортчилар ҳақида гап кетганда кўз олдимизда оғир атлетика бўйича жаҳон ва Осиё чемпионлари Турсуной Жабборова, Нигора Абдуллаева ҳамда Қурбонмурод Номозов каби номлар гавдаланади.

Албатта, битта тумандан бир йўла уч нафар оғир атлетикачининг мамлакатимиз терма жамоаси сафига жалб этилиши ва бугунги кунда улар ҳақиқатан ҳам дунёнинг энг кучлилари қаторида эътироф этилиши осон эмас. Қамашилик оғир атлетикачилар ҳам бугунги муваффақиятларига қадар узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтган.

Эътиборли томони, уларнинг барчаси спорт билан шуғулланишни қамашилик фахрий спортчи, фидойи мураббий Тоир Пармоновнинг ўз ҳовлисида очган мўъжазгина залдан бошлашган.

Тоир Пармонов билан суҳбатимиз ҳам бу фидойи инсоннинг фаолияти, юртимиз спорти ривожи йўлида амалга ошираётган ишлари, шогирдлари эришаётган натижалар хусусида кечди.

— Ёшликда ўзимча спорт билан шуғулланиб, тўйларда кураш тушиб юрардим, — дейди у. — Мактабни тамомлагач, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетининг оғир атлетика бўлимига ўқишга кирдим. Университетни тамомлаб, бир муддат мактабда, кейин коллежда ишладим. 2003 йил Андижон вилоятида бўлиб ўтган «Баркамол авлод» спорт мусобақасига шогирдларим билан иштирок этиб, яхши натижа қайд этдик.

Ўз шогирдларидаги шижоатни кўрган мураббий чекка ҳудудлардаги ёшларда ҳам бу спорт тури бўйича катта салоҳият борлиги, уларнинг доимий шуғулланиши учун шарт-шароит, мураббий зарурлигини англади. Шу мақсадда ўзининг кичик жамғармасини тикиб, ҳовлисининг бир четида мўъжазгина спорт залини қуриб битказди. Керакли спорт жиҳозларини харид қилди.

— Дастлаб, ёшларимизнинг бу спорт турига қизиқиши унчалик кучли эмасди, — дейди Тоир Пармонов. — Илк шогирдим ва қизим – Зилола Бўриеванинг Осиё чемпиони ва халқаро тоифадаги спорт устаси бўлиши қамашилик ёшларда бу спорт турига бўлган қизиқишни ошириб юборди. Кўплаб ёшлар оғир атлетика билан шуғулланиш учун кела бошлади. Натижада қисқа вақтда шогирдларим ичидан Қурбонмурод Номозов, Турсуной Жабборова, Нигора Абдуллаева каби терма жамоа аъзолари етишиб чиқишди.

Бугун ҳам Тоир Пармоновнинг атрофи шогирдлари билан гавжум. Фидойи мураббий уларнинг ҳам жаҳон ареналарини забт этишига ишонади. Шу йўлда ўзининг бор имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер