Зеленский Украина қанча чидаб беришини билмаслигини айтди
Фото: Lenta.ru
Украина президенти Владимир Зеленский урушда мамлакати қанча чидаб беришини билмаслигини айтди. У бу ҳақда 24 февраль куни Австрия канцлери Карл Нехаммер билан телефон орқали мулоқоти чоғида айтган.
«Зеленский менга Украинадаги фожиали вазиятни тасвирлаб берди. У «Менинг мамлакатим қанча чидаб беришини билмайман» деди. Шубҳасиз, биз нейтрал давлат сифатида халқаро ҳуқуқ бузилишига бефарқ эмасмиз, қўлимиздан келганича ёрдам берамиз», деб ёзган Австрия ҳукумати раҳбари ўзининг «Твиттер»ида.
Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни телевидение орқали қилган махсус мурожаатида Донбассда тинч аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида махсус операция ўтказилишини айтди. Шундан сўнг, маҳаллий вақт билан 03:40 да (Тошкент вақти билан 6:40) ҳарбий базаларга зарба бошланди. Кейинчалик Киев, Харков инфратузилмаларга ҳам ҳужум бошланган. Бу ҳақда Украина Президенти девони маслаҳатчиси Михаил Подляк вазият юзасидан берган баёнотида маълум қилган.
«Украинанинг бир қатор вилоят ва шаҳарларига уюштирилган зарбалар улар хоҳлагандек аниқ бўлмади. Эрталаб соат 05:30да Киевда қуруқликдаги операция бошланди — биринчи зарба Суми ва Харков вилоятлари чегарасида берилди. Айниқса, жанубий йўналишда — Херсон, Николаев ва Одесса вилоятларида шиддатли жанглар давом этмоқда. У ерда нафақат ҳарбий инфратузилма, кўприклар, темир йўллар, балки фуқаролик объектлари ҳам вайрон бўлмоқда», дейди Михаил Подляк.
Россия етакчисининг таъкидлашича, Россияда бошқа танлов қолмаган ва унинг ҳаракатлари Украина манфаатларига тажовуз қилиш билан эмас.
Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг аниқлик киритишича, махсус операция иккита мақсадни кўзлайди — Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг