Зарафшонда янги мактаб фойдаланишга топширилди

18:27 24 Март 2025 Жамият
396 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Шаҳарнинг «Юлдуз» маҳалласида ўз эшикларини очган мазкур илм даргоҳи инвестиция дастури асосида қурилди. 990 ўқувчи ўрнига эга бу мактабда бунёдкорлик ишлари давлатимиз раҳбарининг ўтган йил кузида Навоий вилоятига ташрифи доирасида Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида белгилаган вазифаларига мувофиқ амалга оширилди. Яъни эндиликда мактаб таълими моддий-техник базаси ихтисослаштирилган мактаблар даражасида таъминланиб, умумтаълим муассасаларининг бинолари наинки ташқи кўриниши, балки ички меъморий ва муҳандислик ечимлари ҳам халқаро андозаларга мос равишда бунёд этилади.

— Мактабимиз янги стандарт талабларига кўра замонавий дизайнга эга мебель, сўнгги авлод ўқув техник воситалари билан таъминланди, — дейди мактаб директори Дилрабо Жуманазарова. — Шунингдек, барча аудиториялар, лаборатория ва синф хоналари, компьютер ва чет тили кабинетлари, спорт зал ва ошхоналарда Навоий шаҳридаги 22-мактабнинг шароитлари яратилган. Табиийки, бу шарт-шароитлар дарсларни ихтисослаштирилган мактаблар дастури асосида олиб бориш имконини яратди.

Таъкидлаш жоиз, 13 миллиард 560 миллион сўм эвазига бунёд этилган ушбу мактаб Зарафшон шаҳрининг янги массивида ўз эшикларини очди. Шу билан мазкур массив ёшларининг қўшни маҳаллага қатновига барҳам берди. Уни қуриб фойдаланишга топширган «SAMOIDDIN EGAMBERDI IFTIXORI» ва «NAVOIYIMPULSE» масъулияти чекланган жамиятлари ташаббуси билан кончилар шаҳрида илк бор хусусий мактаб барпо этилмоқда. Сингапур давлати таълим тизими асосида ташкил этиладиган ушбу таълим муассасасида ногирон болалар манфаатлари ҳам тўлиқ инобатга олинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер