Замонавий шифохона биноси фойдаланишга топширилди

15:23 18 Сентябр 2024 Жамият
462 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди. Тобингиз қочганида шифокорлар жонингизга оро киради. Улар ширинсухан, фаолият юритаётган масканларидаги шарт-шароитлар кўрса ҳавас қилгулик даражада бўлса, бу албатта, руҳиятингизга ижобий таъсир кўрсатади. Тузалишингиз осон кечади.

Жондор тумани «Қоровул» ҳамда «Хумдонак» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган Маҳмуд Торобий оилавий шифокорлик пункти ҳамда 20–сон оилавий поликлиниканинг замонавий биносини кўриб ана шундай фикрга келасиз. Ҳар иккала маскан биноси янгитдан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Улар жами 9 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Шифо масканлари кенг ва ёруғ хоналардан иборат. Стоматолог, акушер–гинеколог, умумий амалиёт шифокори, патронаж ҳамшираларнинг беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишлари учун зарур барча қулайликлар яратилган. Кундузги шифохона ҳам мавжуд.

— Давлатимиз томонидан тиббиётни қуйи тизимдан бошлаб ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти, — дейди Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Маъмурахон Сафоева. — Энг чекка гўшаларда ҳам тиббиёт муассасаларининг халқаро андозалар даражасидаги бино ва иншоотлари қурилаяпти. Жондор туманида фойдаланишга топширилган шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган бу ишларга яққол мисолдир.

Вилоятда айни дамда 82 та оилавий поликлиника, 96 та оилавий шифокорлик пункти аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер