Ютуқларга маҳлиё бўлиб қолиш ярамайди

09:09 09 Сентябр 2021 Жамият
867 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича янги ҳудудларни секторларга бўлиб аҳоли муаммолари ўрганиш тизими яратиб берилди. Бу ишимизга кўмак, самарадорлик берди, десак, муболаға бўлмайди.

Биласизми, кейинги йилларда ҳар соҳада, хусусан, аҳоли муаммолари билан ишлашда ҳам ўзига хос янги тизим амалиётга татбиқ этилди. Бу нима берди? Албатта, бу давлат идоралари билан фуқаролар ўртасида янгича мулоқотни, аҳоли муаммолари билан ишлашнинг мутлақо самарадор усулини жорий этиш ва бошқа қатор имкониятларни берди.

Яна бир гап. Аҳоли билан мулоқот ҳақида гапирганда, секторлар фаолиятини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Сабаби бугунги кунда ушбу тизим, жумладан, 2-сектор масъуллари халқ орасида, уйма-уй юриб муаммоларни таҳлил этиб, уларни ҳал этиш чораларини кўряпти. Бу ишлар сектор фаолиятини муҳим йўналишига айланган. Бизнинг Зомин тумани иккинчи сектор ҳам соҳадаги ишларни тўғри ва самарали ташкил этиш орқали намунавий секторга айланиш пайидан бўляпти.

Алоҳида 2-сектор штаби билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳини ҳам тузганмиз. Штабга туман миқёсида 18 та корхона ва муассасалардан малакали ходимлар жалб қилинган.

Аҳоли хонадонларига уйма-уй кириб муаммоларини аниқлаш ва бартараф қилиш юзасидан 2-секторда ишчи гуруҳга 18 та корхона ва муассасалардан малакали ходимлари жалб қилиниб, тизимли равишда аҳоли муаммолари ўрганиб ҳал қилиниб келинмоқда.

Секторимизга жами тўққизта маҳалла бириктирилган. Уларда бугунги кунда 45 минг 214 нафар аҳоли яшайди. Улар орасида ёшлар, аёллар, умумий ҳисобда 147 та кам таъминланган оила рўйхати шакллантирилган.

Иккинчи сектор томонидан вилоят ва республика миқёсида ҳал қилиниши лозим бўлган ўнта муаммо аниқланиб, уларни ҳал этиш бўйича ишлаб чиқилган “ёўл харитаси”га киритилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида ишчи гуруҳлар томонидан уйма-уй юриш жараёнида 7 минг 10 та аҳоли хонадонини ўрганиб, уларда 1595 та масала аниқланиб, шундан 60,6 фоизи бартараф қилинган. Жумладан, 219 та хонадонига газ баллонлари тарқатилди, 11 нафар фуқарога малакали тиббий хизмат кўрсатилди, 34 нафарининг бандлиги таъминланди, 37 нафар фуқарога кредитлар ажратилишида кўмак берилди, 3 нафар шахсга фуқаролик паспортлари олиб берилди, 15 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди.

Ёшлар бандлиги — энг муҳим масала. Шу боис сектор ҳудудидаги мактаб ва коллежларда компьютер саводхонлиги бўйича ўқув машғулотлари ташкиллаштирилмоқда. Китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида секторимиз штабида кутубхона ташкил қилиниб, аҳоли томонидан фойдаланиб келинмоқда.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларни, айниқса, аёллар, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика қилиш, уларни барвақт олдини олиш, шунингдек, алоҳида ҳимояга муҳтож бўлган, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга нафақа тайинлашда ижтимоий адолат принципига риоя этилишини таъминлашда ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали барча вазифаларни тўлақонли ижроси таъминлаб келинмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар бажарилмоқда. Аҳоли хонадонларида уйма-уй юриш натижасида ичимлик суви билан боғлиқ 260 та муаммо аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўриляпти. Ичимлик сув тармоқлари жорий таъмирланди.

Булардан ташқари, секторда 212 нафар хотин-қизлар “аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 88 нафарининг 66 нафари “Зомин барака чеварлари” МЧЖ ва “Ёшлик барака чеварлари” тикув фабрикасига тикувчиликка ва дазмол босувчи ҳамда маҳаллалардаги жамоатчи вазифаларига ишга жойлаштирилиб бандлиги таъминланди.

Шундан бўш иш ўринларига, дастурлар асосида яратилаётган иш ўринларига ишга жойлаштириш бўйича 27 нафарининг бандлиги таъминланган бўлса, 5 нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилди. 30 нафар аёлга қорамоллар имтиёзли кредит асосида берилди, 1 нафар аёлга уй боғчаси учун 30 млн. сўм кредит ажратилди. Уй-жойини таъмирлашга муҳтож бўлган аёлларга шу мақсадда 5 млн. сўмдан 23 млн. сўмгача пул маблағлари ажратилмоқда.

Ёшлар ҳам эътибормизда. Зомин туманида бугунги кунда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 31 минг 610 нафарни ташкил этади. Шундан 2 сектор ҳудудида 9662 нафар. Ўрганишлар натижасида ишсиз, тадбиркорлик фаолияти ҳамда касб-ҳунарга ўқиш истагида бўлган, ижтимоий муаммолари бор 1 минг 17 нафар ёшлар рўйхати шакллантирилиб, “Ёшлар дафтари” онлайн платформасига киритилди.

Белгиланган қатъий режа асосида жорий йилнинг ўтган вақт давомида тумандаги “ёшлар дафтари”га киритилган 314 нафар ёшнинг муаммолари бартараф этилиб, дафтардан чиқарилишига эришилди.

Яна бир жиҳат. Сектор ҳудудида 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан амалга ошириладиган қиймати 111 млрд. 140 млн. сўмлик 17 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, шундан 400 минг АҚШ долларлик 3 та лойиҳа тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни ташкил қилади.

Шунингдек, секторга бириктирилган маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилиняпти. Бу борада туман ҳокимлигида мувофиқлаштирувчи штаб ташкил қилиниб, мавжуд 37 та маҳаллада 11 та аъзолардан иборат 37 та ишчи гуруҳ тузилган.

Тузилган ишчи гурухлар томонидан 2021 йил 12 июль ҳолатига кўра, тумандаги 484 нафар ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахсларнинг хонадонларига кириб, уларнинг муаммолари, жиноят ва ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарувчи омиллари ўрганилиб, ушбу оилаларда аниқланган 33 та муаммоларнинг 24 таси ҳал қилинди.

Албатта, қилинаётган ишлар, ютуқлар талайгина. Аммо ютуқларга маҳлиё бўлиб қолиш ярашмайди. Биз иш самарадорлигини янада оширишга, бизга юклатилган вазифаларни астойдил адо этишга, халқни рози қилишга бор кучимиз ва салоҳиятимизни ишга солишимиз керак. Шунда прокуратура тизими, ҳақиқий маънода, “халқ прокуратураси”га айланиб бораверади.

 

Илҳом АЛИҚУЛОВ,

Зомин тумани прокурори.

 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер