Юрт равнақи йўлида хизмат қилган сиймо — Усмон Юсупов

16:05 04 Ноябрь 2020 Жамият
9953 0

Усмон Юсупов (1900-1966) – бутун қалби ва вужуди билан Коммунистик партия, советлар ишига, социализм ва коммунизм ғояларига астойдил ишонган ва амалда эса алданган, камтарин ва олижаноб ўзбекона қадрият ва  фазилатларга эга бўлган Ўзбекистоннинг совет давридаги сиёсат ва давлат арбобларидан бири бўлган. Бу миллатпарвар, юртпарвар инсон  1937-1950 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби, 1953-1955 йилларда эса Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси лавозимларида халқ манфаати, юрт равнақи йўлида самарали ва ибратли фаолият кўрсатган сиймолардан бири эди.

У жуда катта ташкилотчилик қобилият соҳиби, халқни англаш, унинг бор-йўғидан бохабар бўлган, оммани мушкулларини осон қилишдек кўплаб савоб ишларни кекса авлод жуда яхши қадрлайди. Халқимизнинг ишонч ва ҳурматини қозонган омма етакчиси эди. Ўзбекистоннинг 1937–1940 йиллардаги, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихида юз берган буюк бунёдкорлик, ниҳоятда оғир ҳаётни унингсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. У тарих синовидан шон-шараф билан ўтган, ўз халқининг ҳурмат ва эҳтиромини қозонган ўта камтар, меҳнаткаш, ғамхўр, миллатпарвар, ватанпарвар арбоб эди. Аммо Усмон Юсуповнинг ҳаётлигида ва бу ёруғ дунёни тарк этгандан кейин ҳам унга нисбатан бир қанча туҳмат ва бўҳтонлар уюштирилган. Унга қарши биринчи ҳамла 1937–1938 йиллардаги «Катта террор» давридаёқ бошланган эди. ВКП(б) Марказий Комитети Сиёсий бюроси 1937 йил 11 июлдаги йиғилишида «Антисовет унсурлар тўғрисида»ги масала бўйича Ўзбекистон ССР да Икромов, Болтабоев ва Загвоздин таркибида учликни тасдиқлаган. Бироқ С.Болтабоев ўрнига Жўрабек Тўрабеков учликнинг аъзоси бўлган. Унда 1489 кишини отувга, 3952 кишини сургун қилиш белгилаб берилган.

Акмал Икромов 1937 йил лавозимидан олиб ташлангач, унинг ўрнига Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиби этиб Усмон Юсупов тайинланган.

Бу  ўринда Марказ ва республикадаги куч ишлатиш органлари томонидан унга қарши ботиний йўллар, турли хил шантаж, қўрқитишлар, обрўсизлантириш, раҳбарлик лавозимларидан маҳрум қилиш каби мудҳиш ҳужумлар бўлгани яқин тарихимиздан маълум.

1937 йили Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари лавозимида фаолият кўрсатишининг дастлабидаёқ Усмон Юсуповни ботиний йўл билан шантаж, қўрқитиш усулларини қўллаш билан Марказ ва республикадаги куч ишлатиш органлари машғул бўлишган. Улар томонидан «До конца истребит контрреволюционную банду» номли мақола ёзилган ва Усмон Юсуповнинг номидан республика марказий матбуотида эълон қилинган, тезкорлик билан бу мақола–китоб сифатида 35000 нусхада нашр қилинган. Ахир Усмон Юсупов ЎзКомпартия Марказий Комитетининг биринчи секретари лавозимига 1937 йил 27 сентябрда тайинланган. 20 октябрда эса бу мақола Бектемиров муҳаррирлигида, В.Н. Маленин техник муҳаррирлигида, масъул корректор Третъякова имзоси билан китоб сифатида эълон қилиш учун нашриётга топширилган. Мақола ва китоб рус тилида тайёрланган, кейин ўзбек тилига таржима қилинган. Усмон Юсупов 1936 йилдан 1937 йил 27 сентябргача Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат саноати халқ комиссари лавозимида фаолият кўрсатган. Ўз-ўзидан равшанки, бу лавозимда Усмон Юсупов аксарият хўжалик соҳасида фаолият кўрсатган. Ахир 23 кунлик муддатда биринчи котиб вазифасида фаолият кўрсатган Усмон Юсупов қандай қилиб рус тилида «До конца истребит контрреволюционную банду» номли мақолани «Правда Востока»да, ўзбек тилидаги таржимасини «Қизил Ўзбекистон»да эълон қилинишига ва шу мақолани 1937 йил 20 октябрда «Қизил Ўзбекистон» нашриётида китоб қилиб 35000 нусхада босиш учун 2673-сонли буюртма билан нашриётга топшириши мумкин эди? Бизнингча Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбарини «Катта террор» гирдобига тортиш, уни обрўсизлантириш, қўрқитиш учун Марказдаги Ежов ва Республикадаги унга бўйсунувчи куч ишлатиш органлари раҳбарларининг ботиний ҳаракатларининг ёрқин кўриниши эди. Улар шошилинч равишда иш кўриб Усмон Юсупов номидан мақола ва китоб тайёрлаб нашр этишга улгуришган. Олдиндан тайёрланган «До конца истребит контрреволюционную банду» номли мақоланинг рус тилидаги асл нусхаси қатағон қурбони Акбар Исломовнинг турмуш ўртоғи Кетевани Давидовна Клдиашвилининг шахсий архивида (Тбилиси шаҳри, Бакрадзе кўчаси №16) сақланиб қолган.

Мақоланинг бутун мазмун ва моҳияти, унда илгари сурилган фикр-ғоялар, ёзилиш услуби ва методи, шакли-шамойилидан унинг муаллифи Усмон Юсупов эканлигига бизда шубҳа уйғотди.

Қарийб 30 йил мобайнида Ўзбекистонда амалга оширилган 1937–1938 йиллардаги қатағон тарихи мавзуси билан шуғулланиб Москва, Тошкент, Украина, Ставропол ўлкаси, Қозоғистон, Қирғизистон республикаларидаги архивларда тадқиқот олиб бориб, тўпланган ҳужжатлар ва материаллар асосида ўнлаб китоблар, юзлаб илмий мақолалар, рисолалар муаллифи сифатида ўша қатағон ва унинг амалиёти, фожиаси тарихини озми-кўпми билган тадқиқотчи сифатида Усмон Юсуповнинг 1937–1938 йилларда «Катта террор» кампаниясида тутган ўрни ва ролига янгича ёндашув, янгича муносабат бўлиш керак деб ҳисоблайман.

1956 йили КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси ҳузурида 1937–1938 йиллардаги «Катта террор»да қатағон қилинганларни реабилитация қилиш бўйича комиссия тузилган. Унинг аъзолари қилиб Ўзбекистондан 2 киши тайинланган, бири Н.А.Муҳитдинов, иккинчиси академик, юрист Хадича Сулаймонова тасдиқланган. Бу ҳар икки юртдошимиз Ўзбекистон бўйича «Катта террор»да қатағон қилинганларни реабилитация қилишда улкан хизматлар қилишди. Уларнинг бу борадаги фаолиятини алоҳида ўрганиш ва халқимизга етказиш навбатдаги вазифаларимиздандир. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари, Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг раиси, КПСС Марказий Комитети президиуми аъзоси ва КПСС Марказий Комитети секретари, СССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, СССРнинг Суриядаги элчиси, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети  маслаҳатчиси бўлиб хизмат қилган Нуриддин Акрамович Муҳитдинов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг лавозимида ишлаганлардан икки шахс тақдирига эътибор қаратиб улардан бири Усмон Юсупов ҳақида шундай ёзган: «...Усмон Юсупов 13 йил Марказий Комитетга секретарлик қилиб, республикани катта ғалабаларга олиб келди. Айниқса, уруш вақтидаги энг оғир кунларда республика меҳнаткашларини қийин ва тиғиз вазифаларни бажаришга сафарбар эта олди. У халқ билан гаплаша биларди. Республиканинг ўзига хос хусусиятларини ҳеч нарсадан қочирмас, шу билан бирга КПСС Марказий Комитетининг йўлини тўғри амалга оширишга сидқидилдан ҳаракат қилар эди. Энг муҳими халққа суянарди, ўз вақтида сафарбар этилган халқ нималарга қодирлигини ўз тажрибасидан яхши биларди ва ундан мурувватини ҳеч аямасди. Тўғри, ўша йилларда ҳам анча мунча камчиликлар бўлган. Шу жумладан, Усмон ака ҳам хато ва камчиликларга йўл қўйган. Лекин бу унинг республика тараққиёти учун қилган меҳнатлари олдида мисқолчадир. У партиявий ишни тўғри йўлга қўйиб, меҳнаткашларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга эришгани, уларни катта бунёдкорлик ишларига отлантира олгани аниқ. Ана шу чин юракдан қилган меҳнатлари эвазига ҳам у бутун халқ юрагида қолди. Иззати абадий»[2].

Тўғри 1937–1938 йиллардаги қатағонда Усмон Юсуповнинг айби йўқ деб бўлмайди. У «Учлик»нинг аъзоси эди. Бу «Учлик»нинг бири Ўзбекистон НКВД комиссари Н.А. Загвоздин, иккинчиси республика прокурори Борис Владимирович Шейдлин эди. Бу «учлик» таркиби Москвадан, Сталин, Ежовлар томонидан белгиланган. Усмон Юсупов ана шу юқоридан тушган буйруққа итоат қилиши табиий бир хол эди, бундан бошқача йўл йўқ эди. Акс ҳолда  у ўзининг эгаллаб турган лавозимида ишлай олмаслиги аниқ эди.

1938 йилнинг баҳорига келиб областлар, шаҳарлар ва районлар партия комитетлари секретарларининг 60 фоизи қамоққа олинган. Худди шу йилнинг иккинчи ярмида яна партия ходимларидан 114 киши қатағон қилинган.

Бундай қалтис ҳолатлар 30 йилларда Усмон Юсупов фаолиятида анчагина содир бўлган албатта. Бундай йўлни тутмасдан у ўзининг эгаллаб турган лавозимида ишлай олмасди. Мабодо «бошқача» йўл тутган тақдирда ҳам унинг қўлидан ҳеч нарса келмаслиги ақли расо ҳар бир кимсага ойнадек аёндир. Усмон Юсупов ҳам қўғирчоқ миллий раҳбарларнинг бири бўлган, холос. Аммо бундан мамлакатда уюштирилган оммавий қатағонликларга Ўзбекистон раҳбари бефарқ қараган, деб айтиш албатта Усмон Юсупов хотирасига нисбатан ҳурматсизлик бўлур эди.

Усмон Юсупов 1938 йилда шаҳсан И.В. Сталин, А.А. Андреев ва Г.М. Маленковларга махсус хат билан мурожаат қилиб, НКВД (Ички Ишлар Халқ Комиссари) ходимлари ҳаддан ошаётганликлари ва шу боисдан уларни жиловлаб қўйиш масаласини кўндаланг қўйишга журъат этганди: «Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлари органлари фаолиятида жуда катта камчилик ва қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда, бу ҳолат НКВД органларига суқилиб кириб олган душманлар, айниқса Леонов (халқ комиссарининг собиқ ўринбосари) ва Апрессян (собиқ халқ комиссари) томонидан ҳар жиҳатдан рағбатлантирилиб, ҳатто шунга мажбурлаб келинди. Оммавий қамоққа олишларга зўр берилди, кўп ҳолатлар етарли даражада асосланмади. Ички ишлар халқ комиссарлигида, унинг районлардаги бўлимларида ҳатто энг кўп қамоққа олиш учун мусобақа эълон қилинди. Бинобарин, НКВД ходимлари фаолиятига баҳо беришда уларнинг ўзлари ҳибсга олган одамларнинг кўрсатмалари ва сони далил бўлиб хизмат қилди. Бу эса етарли даражада асосланмай қамашларга кенг йўл очди»[4]. «Катта террор» авжига чиққан бир шароитда И.В. Сталинга бундай хат билан мурожаат қилиб бор ҳақиқатни ёзганлиги ўта хавфли бўлган, бу унинг катта жасорати эди.

Биргина шу ёзилган хат туфайли Усмон Юсуповнинг ҳаёти хавф остида қолган, унинг ўзини устидан айблов ҳужжатлари тўплай бошланганди. Файзулла Қиличевнинг ёзишича Леонов-Немировскийга нисбатан 1938 йилда қўзғатилган жиноий иш ҳужжатлари орасида Г.Затуловскийнинг кўргазмасида «Леонов бошчилигида бўлим бошлиғи Лиситсин томонидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг котиби Усмон Юсуповга нисбатан уйдирмалардан иборат материал тўплана бошланди. Улар қамоқда ётган Ғулом Ёқубов ва Рустам Исломов (иккаласи ҳам республикада раҳбар ходимлар бўлган)лардан минг хил азоблар бериш йўли билан, Юсупов, Акмал Икромов тўдасидаги аксилинқилобий ҳаракатда бўлганларнинг фаолларидан эди деб ёздириб олдилар» ... дейилган. Кўриниб турибдики, Усмон Юсупов ҳам қамалиш арафасида эди. Фақат унинг бахтига Москвада тўсатдан Ежовнинг қамоққа олиниши Усмон Юсуповни қабоҳатли қатағондан сақлаб қолган эди.

1937–1938 йилларда Ўзбекистон НКВДси Ички ишлар халқ комиссарлиги ва унинг округ бошқармалари, шаҳар ва район бўлимлари идоралари инқилобий қонунчиликни жуда ҳам қўпол тарзда бузганлар, сохта анкеталар, баённомалар, ҳукмлар, тергов хулосалари, айбловлар, юзлаштиришлар, маҳбусларга қўйилган айбларнинг аксарияти сохта, тўқиб чиқарилган, асоссиз бўлган. Терговчилар маҳбусларни қийноққа солиш орқали уларни сохта, олдиндан ўйлаб топилган «айблар»ни бўйнига қўйиш учун қўллаган қийноқлар, қўрқитишлар, зўрлашлар, ёлғон кўрсатмалар олиш, сохта ҳукмлар тайёрлаш, маҳкумлар устидан «айблов хулосалари» тайёрлаш билан машғул бўлган.

Айблов хулосаларини расмийлаштириб Тошкентга, «учлик»ка йўллаб тақдим этган ички ишлар ва давлат хавфсизлиги органи ходимларидан қуйидагиларни эслаш жоиз: Бауман, Латсис, Цоколов, Разумный, Кириллов, Якубшин, Шарипов, Наумовлар, Хоразм секторидан Разумов, Ференс, Королев, Переподя, Капрановлар, Қашқадарё округидан Минес, Сюняев, Казаков, Олефиренко, Фарғона шаҳар бўлимидан Дунаев, Андижон секторидан Туниянс, Чалий, Деревяненченко, Макаревич, Мулосов, Подячев, Семенов, Филатов, Шабалин, Ушаков, Сурхондарё секторидан Круглишев, Самарқанд округидан Бойбеков, Жониев, Жиззах район бўлимидан Колпаков, Қўқон шаҳар бўлимидан Фукин, Боғдод районидан Старостин, Сирдарё округ бўлимидан, Погодин, Олтиариқ район бўлимидан Баришев, Чуст районидан Зенкин, Қорақалпоғистон АССР секторидан Олсуфевлар. Уларнинг катта қисми қатағон қилинган.

«Катта террор» режавий характерга эга бўлган. Қамоққа олиш режаси юқоридан, яъни Москвадан, НКВДдан белгилаб берилган. Жойлардаги маҳаллий НКВДчилар бу вазифани бажаришган. Масалан, Марказдан Қирғизистон НКВДсига келган телеграммалардан бирида тўғридан тўғри «Ўн минг халқ душманлари йўқ қилинсин» деб кўрсатилган.

Қатағон қилиш ва жазо бериш органларининг барчаси бор кучлари билан ишлашган. Уларнинг иш ҳажми Марказда ҳам, жойларда ҳам ўсиб бораверган. Қатағон қилинувчиларнинг рўйхатлари тузилган. Ҳар бир округ бўйича қатағон қилиш лимитлари олдиндан белгилаб қўйилган.

Кўпинча маҳаллий партия ва жазо органлари қатағон қилинувчилар миқдорини кўпайтириш мақсадида қалбаки ҳужжатлар ясаш, уйдирма, бўҳтон, сохта, ёлғон даъволар тўқиш билан машғул бўлганлар. Айбсиз кишиларга жиноий хатти-ҳаракат, кирдикорлар тўплаб ҳибсга олиб, уларни пора олишда, жиноятга шерик бўлишда айблаб қамоққа олинганларни анкеталарига зўрлик, қийнаш билан қўл қўйдириб олиш ҳолатлари кўп бўлган.

Қатағон-жазо органлари ходимлари оддий, хўжасизлик юритишдаги камчиликларни, советларга қарши аксилинқилобий ҳаракат жиноят қилган деган айб қўйилиб, айблов ҳукмлари чиқарилган.

Партия ташкилотлари баённомаларидан ҳам қатағон билан боғлиқ масалалар партия ва жазо органлари томонидан тамомила бузилган ҳолда талқин этилиб у ёки бу шахс фаолияти бузиб, сохталаштириб талқин этилган, юзаки ва бир томонлама баҳоланган. Масалан, Андижон шаҳар, район партия комитетининг биринчи секретари Н. Шарипов пленумда «Қишлоқ хўжалигидаги зараркунандачилик, қўпорувчилик оқибатларини тугатиш тўғрисида»ги маърузасида шундай деган: “Ўзбек халқининг учига чиққан лаънати, ашаддий душманлари, троцкийчи-бухаринчи ва буржуа миллатчи бандитлари ва бошқалар ўзларининг аксилинқилобий мақсадини амалга ошира бориб Ўзбекистонни Улуғ Совет иттифоқидан ажратиб олиш ва Республикамизда хонлар ва амирлар ҳокимиятини тиклаш, улар билан бирга ишчилар ва деҳқонларни қулликка қайтаришни хоҳлаяптилар.

Бу сотқинлар тўдаси Андижондаги ўз гумашталари Болтаев (Карим Болтаев – собиқ шаҳар партия комитетининг собиқ секретари – Р.Ш.) ва Крикановлар (Михаил Иванович – собиқ шаҳар партия комитетининг собиқ секретари – Р.Ш.) лар Андижон районида ўзларининг зараркунандалик, қўпорувчилик ишларини олиб бордилар...”

Турли хил айбномалар, тўқима, сохта, ўйлаб топилган айбловларнинг аксарияти асоссиз, исботсиз бўлган. Чекистлар қатағонлар бўйича лимитни мувафаққиятли бажариш мақсадида кўпинча энг ўткир, нозик, сезгир, қабиҳ усулларни қўллаганлар. Биргина мисол, НКВД Андижон сектори бошлиғи ёрдамчиси Л.Д. Чалий 1918 йил мартида Тошкентга чақирилган. ЎзССР НКВД комиссари ўринбосари Леонид Исакович Леонов-Немировский Андижонда советларга қарши унсурларни аниқлашда жуда ҳам қониқарсиз иш олиб борилаётгани учун Л.Д. Чалийни кескин камситиб ҳақорат қилган. Чалий унга жавобан “Ахир бор имкониятимизни ишга соляпмиз, Андижонда қатағон қилиш учун айбдорларни излаб топиш оғир кечаётганини айтганда, у Андижонда адресс бюроси борми? деб сўраган, жавобан ҳа адресс бюроси бор деб айтган. Шунда Леонов-Немировский ҳорижийлардан қамоққа олиш Андижонда ниҳоятда ночор ҳолда, шунинг учун ўша адресс бюродаги хорижликлардан қамоққа олиш керак, шу йўл билан лимитни тўлдириш мумкин, шунгаям ақлинг етмайдими деб таъна қилган.

Шундан сўнг Л.Д. Чалий Андижонга келиб, шаҳар адресслар бюросидан хориж мамлакатларида туғилган шахслар ҳақида маълумот олган. Натижада айбсиз одамлар қатағон қилинган латиш, немис ҳинд, уйғур, афғонлар Л.И. Леонов кўрсатмаси билан қатағон қилинади. Бундай воқеалар «Катта террор» йилларида кўплаб содир бўлган.

Ўзбекистондаги маҳаллий, миллий, диний турмуш тарзини билмаган, умуман, Ўзбекистон ҳаётидан, урф-одатидан, маданиятидан, қадриятларидан бехабар бўлган куч ишлатиш органлари ходимлари «Катта террор»ни амалга оширганлар. Мисоллар келтириш мумкин. Андижон сектори махсус бўлими бошлиғи Александр Андреевич Стасин Саратов губернияси Кузнец шаҳрида туғилган, мешчан оиладан, рус, 1910–1921 йилларда Энгелс шаҳар ички ишлар бўлимида иш юритувчи, 1930 йили Саратов шаҳар ички ишлар бўлими котиби, 1931–1934 йилларда Саратов ва Сталинград шаҳарларида давлат банкларида махфий бўлим бошлиғи, 1935 йилдан Свердловскда Урал заводида иқтисодчи, область матлубот жамиятида иқтисодчи, 1937 йил 3 сентябрдан НКВД Ўзбекистон ССР Андижон сектори махсус бўлим бошлиғи этиб тайинланган. А.А. Стасин, А.В. Кулиничев, Макаревичлар биргаликда ҳибсга олинган гувоҳ Ниёзовга нисбатан бир неча бор жисмоний куч қўллаб Усмон Холбековни фош қилувчи, айбловчи кўрсатмалар олишган. Ниёзов калтак ва қийноқлардан ҳалок бўлган. Бундай жиноий хатти-ҳаракатлар кўп маротаба такрорланган. НКВД Андижон секторидагилар А.А. Стасин ва унинг ўринбосари А.В. Кулиничев, 4-бўлим бошлиғи Макаревичлар 1938 йилда жиноий ишларни сохталаштириб, тергов ҳужжатларини имзолаб, тасдиқлаб, кўплаб маҳбуслар тўғрисида ноқонуний ҳукм лойиҳалари тайёрлаганликлари учун Ўрта Осиё Ҳарбий округи Ҳарбий трибунали томонидан олий жазога ҳукм қилинганлар.

НКВД органи ходими Кулиничев тергов қилишнинг ноқонуний усулларини қўллаб ноқонуний қамоққа олиб, сохта айблов хулосаларини тайёрлашда айбланиб 1939 йил 25 ноябрда отувга ҳукм этилган.

НКВД ходимлари Холботиров ва бошқаларнинг тергов ишларини олиб боришда ҳам сохталаштиришларга йўл қўйилгани учун 1939 йил жавобгарликка тортилганлар.

НКВД Андижон сектори бўлими бошлиғи ўринбосари Александр Сергеевич Кулинич ва 4-бўлим бошлиғи Макаревичнинг Малтьянц иши бўйича тайёрлаган ҳибсга олиш ва айблов хулосалари, умуман тергов материаллари сохта, ноқонуний эканлиги маълум бўлган. Бундай асоссиз қамоққа олиш ва тергов ишлари ноқонуний олиб борилгани аниқланиб, Макаревич ва Кулинич жавобгарликка тортилиб, 1939 йил 22–25 сентябрь кунлари Ўрта Осиё Ҳарбий округи Ҳарбий трибунали томонидан отувга ҳукм қилинган ва ҳукм таъминланган.

Андижон округи Сталин (Шаҳрихон) райони НКВД бошлиғи, давлат хавфсизлиги лейтенанти П.В. Дамин-Зубов 1937 йил 11 февраль куни таниқли, машҳур тараққийпарвар 1861 йил Тўрақўрғонда туғилган Исъҳоқхонтўра Жунайдуллаевни ЎзССР Жиноят-процессуал кодексининг 49–51 моддалари бўйича, яъни «Жунайдуллаев Исъҳоқхонтўра Андижон ва Сталин райони колхозчилари орасида аксилинқилобий тарғибот олиб бориб, яқин вақт ичида урушнинг бўлиши ва совет ҳокимиятининг мағлуб бўлиши муқаррар деб аҳолини совет ҳокимиятига қарши аксилинқилобий чиқишларини ташкил қилган» деган айб қўйиб уни Андижон турмасига олишлик ҳақида қарор чиқарган. Тергов жараёнида Макаревич маҳбусдан «айби»ни бўйнига олувчи кўрсатма, маълумот олиш ва тергов материалларини сохталаштириш мақсадида маҳбусга азоб берган, жисмонан қийнаган, оқибатда 76 ёшлик кекса Исъҳоқхонтўра Ибрат даҳшатли қийноқларга бардош бера олмай, турма камерасида жон таслим қилган.

Бу каби қонунбузарликлар, ноҳақдан қамоққа олиш, сохта, сунъий айбномалар уюштириш Ўзбекистоннинг бошқа округ, шаҳар, район НКВД органлари томонидан ҳам олиб борилган.

Юқорида келтирилган аниқ далиллар, материаллар, қатағон қилиш механизми, унинг оғир юки аксарият жойлардаги НКВД, КГБ органлари ходимлари зиммасига тушган. У ёки бу шахсни қатағон қилиш учун бирламчи айблов баённомалари, ҳибсга олинганлар анкеталари «учлик»нинг қарор лойиҳалари, ким қайси модда бўйича отувга, ким қанча муддатга ГУЛАГ лагерларига ҳукм қилиш лойиҳалари айни ўша НКВД органларида расмийлаштирилган. Тошкентга, Республика НКВДсига тасдиқланган баённомалар лойиҳалари юборилган. Республика НКВДси ҳузуридаги «Учлик» ўз йиғилишида ана шу баённомаларни тасдиқланган. Шу боис «Учлик»га аъзо бўлган А.Икромов, Усмон Юсупов, С.Сегизбоев, Ж.Тўрабековларнинг «Учлик»даги иштироки формал характерга эга бўлган. Улар ҳал қилувчи овозга эга бўлмаганлар. Қолаверса улар аксарият ўзларининг функционал вазифаларини бажариш билан машғул бўлганлар. Иш кўплиги учун «Учлик» йиғилишларига келололмаслик ҳолларда аён бўлган. Баённомаларга улар расмиятчилик учунгина имзо чекканлар.

ЎзССР НКВД ҳузуридаги «Учлик»нинг 1937 йил 13 ноябрда иккита, 17 ноябрда битта, 21 ноябрда иккита, 28 ноябрда битта йиғилишлари бўлиб унда Д.З. Апресян, Усмон Юсупов, Султон Сегизбоев, Республика прокурори Шейдлин, Ўз НКВДнинг давлат хавфсизлиги бошқармаси 8-бўлим бошлиғи Бароненколар қатнашган. Баённомада кўрсатилишича 1611 киши қатағон қилинган, улардан собиқ қулоқлар 811 киши (50.59 фоиз), ишчи ва хизматчилар 207 киши (13 фоиз), диндор руҳонийлар 138 киши (8.6 фоиз), 240 киши (15 фоиз) машғулоти аниқ бўлмаган.

Айблов хулосалар, отув ва қамоққа ҳукм чиқариш лойиҳалари республиканинг округ, шаҳар, район НКВД, КГБ ходимлари, секторлар ходимлари томонидан олдиндан тайёрланиб баённома тарзида ЎзССР НКВД ҳузуридаги «Учлик»га топширилган.

«Учлик» йиғилишида кимлар отувга, кимлар 10 йил муддатга, кимлар 8 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиниши тўғрисидаги  баённомаларни: Тошкент шаҳри бўйича Шарипов, Петров, Анискеевич, Фролов, Аванесов, Абрамсян, Богданов, Берёзин, Здеровлар; Марғилон бўйича Поликарпов, Разумний,  Бобржинский, Ўзбекистонда хизмат қилаётган, лекин Россия ва бошқа жойларда туғилган маҳбуслар бўйича Крейднейтер, Катиков; Андижон сектори бўйича Макаревич, Берг, Наумов, Туниянс, Гнилошков; Самарқанд сектори бўйича Байбеков, Акимов, Смирнов, Лисин; Қўқон сектори бўйича Фонкин, Штенгарт; Қорақалпоғистон АССР Тўрткўл сектори бўйича Олсўфиев; Наманган сектори бўйича Кузнетсов; Сурхондарё сектори бўйича Резаев; Қашқадарё сектори бўйича Дегтяров; Фарғона сектори бўйича Баранов; Бухоро сектори бўйича Римский, Ушаков, Филатов, Семёнов, Чесалов; Чирчиқ сектори бўйича Святкевич; Хоразм сектори бўйича Ференс, Ховос сектори бўйича Елкин, Тошлоқ сектори бўйича Лебедевлар тайёрлашган ва уни тасдиқлаш учун ЎзССР НКВД ҳузуридаги «Учлик»ка тақдим этганлар. Баённомаларнинг бир нусхаси жойлардаги НКВД секторларида қолган. ЎзССР НКВД қошидаги «Учлик»нинг бу йиғилишларида маҳбуслар иштирок этмаган, улар жойлардаги ҳибсхоналарда сақланиб турган. «Учлик» йиғилишида қабул қилинган қарор, отувга, қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар устидан жазо ижросини таъминлаш вазифаси жойлардаги НКВД секторлари зиммасида бўлган.

Усмон Юсуповнинг ҳар қанча мақтаса арзийдиган ва элимизга тарғиб этадиган хислат-фазилатлари ниҳоятда кўпдир. Уруш йиллари Украина, Белоруссия, РСФСРдан Ўзбекистонга эвакуация қилиниб кўчирилиб келтирилган 1 миллион кишини, 200 мингдан зиёд болаларни очлик ўлимидан сақлаб қолишда Усмон Юсуповнинг хизматларини халқимиз ҳали ҳануз ўз хотирларида сақлайдилар ва унинг бу борадаги жўшқин фаолияти тарих саҳифасидан мустаҳкам ўрин олган.

Усмон Юсупов уруш йилларида областларда бўлиб ҳамма нарсани фронтга, ғалаба учун сафарбар қилиш борасида мислсиз фаолият кўрсатган. 1942 йил 4-5 июль кунлари Андижон областида бўлиб область партия комитети бюросида Андижон нефть саноати иши тўғрисида, Пахта трести ва ёғ ишлаб чиқариш заводлари фаолияти тўғрисидаги масалалар бўйича нутқ сўзлаган. 1943, 1944, 1945 йилларда ҳам Андижонга бир неча бор ташриф буюриб ўша даврнинг муҳим масалаларини ҳал қилишга бевосита ҳисса қўшганлиги ҳужжатларда акс эттирилган. Фашизм устидан қозонилган Ғалабага муносиб ҳисса қўшган андижонликлардан бири кейинчалик профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвонига мушарраф бўлган, ҳозирги Андижон давлат университетига 1957–1974 йилларда ректорлик қилган, уруш йилларида душманга қарши жангларда мардлик намуналарини намойиш этган Ғани Холматович Абдуллаев Усмон Юсуповнинг Андижонга келгани ҳақида шундай хотирлаган эди: “Эсимда, 1942 йилнинг август ойи бошларида бригада ўша даврда республикамизга раҳбарлик қилган буюк инсон Усмон Юсупов ташриф буюрди. Усмон ака аскарлар билан самимий суҳбатлар ўтказди, уларнинг жанговар тайёргарлиги, маиший аҳволи ҳамда сиёсий савиялари билан яқиндан танишди. Сўнгра Бригада Усмон акани қутлаш учун саф тортиб турди. Усмон ака ўзининг халқчил, оммабоп тили билан ўзбек жангчиларини қутлади, сафдагилар унга жавобан «Ура» садолари билан жавоб бердилар. Усмон ака бригада жангчиларига қарата шундай деди: «Сизлар ўзбек халқининг асл фарзандларисизлар. Ватан озодлиги учун бошқа халқлар билан бирга жанг қилиш бу муқаддас иш. Бу жангда душманни ўлдирганлар ғозий, ўлганлар эса шаҳид бўладилар. Шаҳидларнинг қабрларини уруш тугагач топиб, чечаклар билан безаймиз. Халқимиз ватан озодлиги учун жон фидо қилганларни абадул абад самимий миннатдорчилик туйғулари билан ёд сақлагай. Сизлар буюк бобомиз Амир Темур наслидансизлар! Буни эшитган Гитлер саросимага тушиб қолди. Мен сизларга ўзбек халқи номидаги Гитлернинг калласини, ҳеч бўлмаганда Риббентропнинг бошини олиб келишларингизни буюраман. Сизларга доимо Ғалаба ёр бўлсин.» Усмон аканинг бу даъвати жангчиларни ниҳоятда руҳлантириб юборди.

1942 йилнинг ноябрь ойида бригадамиз фронтга отланди ва декабрнинг бошларида 3-гвардиячи армия сафига қўшилди, фашистларнинг Дон фронтида қуршовга тушган 6-армиясини қутқаришга интилган итальян-немис қисмларга қарши жангга кирди. Бригада анчагина талафот кўришига қарамасдан душманнинг Астахово, Бокойская, Қўшара, Кружилин, Морозовский станцияларида жойлашган қисмларини ўраб олиб тор-мор этишда фаол қатнашди. Олий Бош қўмондоннинг 1943 йил 25 январдаги буйруғи билан 3-гвардиячи армиянинг жанговар таркибига ташаккурнома эълон қилинди. Бригадамизнинг бир гуруҳ аскар ва офицерлари жанговар орден ва медаллар билан мукофотландилар.

Миннатдор ўзбек халқи 94-алоҳида бригада жангчиларининг кўрсатган қаҳрамонликларини унутгани йўқ. Марғилон билан Фарғона шаҳарлари ўртасида, 94-ўқчи бригада тузилган, машқ қилган Ёрмозор деган жойда бригада жангчиларига атаб жуда катта ёдгорлик ўрнатилди. Хар йили Ғалаба куни бу ерга кишилар келиб, ҳайкал пойига гулчамбарлар қўядилар.” Бу каби эсдаликлар ниҳоятда кўпдирки, уларни топиш, тўплаш, халқ мулкига, тарих мулкига айлантириш ҳар бир ватанпарвар фуқароимизниг бурчидир.

Усмон Юсуповнинг урушдаги буюк ишларини таниқли ёзувчиси Константин Симонов ўз асарларида, Ўзбекистон ва Ўрта Осиёнинг бокс бўйича чемпиони, ҳарбий разведчик, ёзувчи, ҳозиргача 3 марта қайта нашр этилган «Генераллисимус» китобининг муаллифи, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Владимир Карповлар ўз эсдаликларида алоҳида меҳр билан қайд этганликлар. СССР Ёзувчилар союзи котиби урушдаги жанговар хизматлари учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига эга бўлган Владимир Карпов шундай эслайди: “Усмон Юсупов менинг бутун ҳаётимда эсда қоладиган мана бу фикрни айтган эди “Қимматли Володя. Шуни билгинки, сен олган бу мукофот, сенинг кўкрагингда порлаб турган бу юлдуз ҳаётингда ёрдам беради. Сен ўсасан, иш ва лавозим бўйича олға қараб борасан.

Тасаввур қил, бу юксалиш тоғ чўққисига чиқишга ўхшайди. Тоққа чиқаётганингда ёнингда сен билан бирга бошқа кишилар ҳам бўлади, гоҳида оёғинг остидан тош чиқиб қолади ва унга қоқинишинг, йиқилишинг мумкин. Агар бу ҳолат бошқа инсон билан юз берса у йиқилгандан сўнг қаддини тиклайди ва кийимлари чангини қоқиб яна йўлда давом этади.

Агар бу фожиа сен билан юз берса Олтин юлдуз сен учун оғир юкка айланади. Агар партия ва ҳукумат кўрсатган ишончни оқламасанг, қаддингни тиклаш анча қийин бўлади”.

Владимир Карпов шундай эслайди: “Эртаси куни колхозчилар билан учрашувга кетаётиб шаҳарда Хадра ва Революция майдонида катта портретимни кўрдим. Портрет остида «Ўзбек халқининг фарзанди – Совет Иттифоқи Қаҳрамони Владимир Карпов» деб ёзилган экан.

Усмон Юсуповни урушга қадар зараркунандалик ва авантюрада, уруш вақтида сотқинлик ва ватан душманларини яширинликда, урушдан сўнг эса урушдан олдинги вақтда амалга оширилган қатағонларда айблашган. Иш шу даражага етиб бордики 1946 йил аноним ариза натижасида «Юсупов иши» қўзғатилган. Бу иш билан Сиёсий бюро аъзолари: В.М. Молотов, Г.М. Маленков ва МК секретари Н.С. Патоличевлар шуғулланишган ва унинг пок номини ҳимоя қилиш ишлари билан шуғулланганлар.”

Усмон Юсупов ўзининг ҳар бир айтган сўзи учун масъулият намунаси эди. У ўз нутқида фалсафий афоризмлардан мисол келтираётганга ўхшарди. Мана бир неча мисол: «Ўз куч-қудратига ишонган одамгина ғалабага эришади», «Архимед учун таянч нуқтаси керак эди, бизнинг таянч нуқтамиз ердир», «Ҳақиқий ўзбек бир парча ерида нафақат ўз оиласини боқади».

Баҳор кунларининг бирида «Комсомолес Узбекистана» газетаси муҳаррири Алексей Петроченко Аброл Қаҳҳоровлар билан бирга Усмон Юсуповнинг уйига келишган.

Шунда Усмон Юсупов қўлида кетмон билан уларга қарата «Мана, ёрдам келди», дейди ва уларга кетмон беради. Улар ҳам бироз ерни чопишади ва Усмон Юсупов билан олма соясида кўк чой ичиб суҳбатлашиш учун ўтиришади. Шунда Усмон Юсупов Алексей Петроченкодан сўрайди: «Нима деб ўйлайсан, кетмон оғирми, ёки ручками?». Бу саволга Алексей Петроченко «Кимнинг қўлида эканлигига боғлиқ» деб жавоб беради. Усмон Юсупов шошилмай фикр қилади ва ўзига хос камгаплик билан «Тўғри айтдинг, битта кетмон билан бир ёки икки кишига қабр қазиш мумкин, лекин ручка билан минглаб инсонларга қабр қазиш мумкин», дейди.

Урушнинг оғир шароитида бош қўмондон «Бир қадам ҳам ортга қайтилмасин» (Бу ерда 227-сонли қарор назарда тутилмоқда – Р.Ш.) қарори шафқатсиз бўлган бўлса-да у ўз вақтида қабул қилинган ва мажбурий чора бўлганди.

Антисовет фикрлар айтгани учун одамларни пойлашиб, қўлга олишиб кейин қамоққа ташлашган деб ўйлайсизми? Албатта йўқ. мен бунга ҳамиша қарши бўлганман ва НКВДнинг ҳаракатларини оқламайман. Лекин ҳар куни тайёрланаётган фитна, зараркунандалик, жосуслик, сотқинлик ҳақида ёзилган ўнлаб ва юзлаб хат ва чақув маълумотлари олаётган орган ходимини тасаввур қилиб кўринг. Ўз вақтида чора кўрмаслик – унга ёрдамчи бўлишдир.

Органлар янги тузумнинг ашаддий душманларини фош қилишда керак бўлса ўз жонларини гаровга қўйиб бўлса ҳам анча жасоратли ҳаракат қилганлар. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, милиция, суд, прокуратуранинг айрим ходимлари ўз вазифаларини амалга оширишда чегарадан чиқиб кетганлар. Бекорга бундай ходимлар ҳақида «дўпписини олиб кел деса бошини ҳам қўшиб олиб келади» деб айтишмаган..

Айрим вақтларда у ёки бу чақимчини, латифалар мухлисини ёки ҳақиқий иғвогарни аниқлаш қийин бўлган. Улар бир-бирларининг устидан ариза ёзишар, совет ҳокимияти ходимлари томонидан душманларга қарши кураш олиб борилмаяпти дейишарди. Лекин, совет қонунларини қасддан бузган, тергов материалларини сохталаштиришган, айбсиз одамларни жиноий жавобгарликка тортган ходимлар ҳам бўлган.

Хуллас, Усмон Юсупов қабоҳат тегирмони бор кучи билан айланиб ватандошларимизни ўз домига аждаҳодек тортиб турган энг оғир дамларда Ўзбекистонни бошқарган арбоблардан эди. Бизнингча, Ўзбекистоннинг йирик давлат ва партия арбоби Усмон Юсуповнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини холисона ёритиб бериш ва бу сиймонинг шонли ҳаёти, кураши мисолида бутун халқимизни, айниқса, ёшларимизни тарбиялашда унумли фойдаланишимиз зарур. Бу арбоб тўғрисида бадиий ва драматик асарлар, кинофильмлар яратиш, унинг номини абадийлаштириш мақсадга мувофиқдир.

Рустамбек Шамсутдинов,
Андижон давлат университети профессори, 
тарих фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер