Ёзёвонда Хитой инвестицияси иштирокида автобуслар йиғиш заводи ташкил этилади

12:14 02 Март 2026 Жамият
435 0

Ёзёвон тумани ҳокимлиги делегацияси Хитой Халқ Республикасига амалий ташриф билан бориб қайтди. Юзма-юз мулоқотлар давомида хорижий инвестицияларни жалб этиш ва истиқболли саноат лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди.

— Хитойнинг Шэнси провинцияси, Сиан шаҳрида ўтказилган музокаралар доирасида туманимизда замонавий автобуслар йиғиш заводини ишга тушириш бўйича келишувга эришилди, — дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари Бахтиёр Иброҳимзода. — Лойиҳа қиймати 160 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, у Хитойнинг «Shaanxi Qinxing Automobile» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Янги авлод автобуслари жаҳон андозалари асосида ишлаб чиқарилиб, турли иқлим шароитида — кескин совуқ ва иссиқ об-ҳавода барқарор фаолият кўрсатишга мўлжалланган. Қувватлантириш тизими ноқулай об-ҳаво шароитида ҳароратни назорат қилиш ва ҳимоя қилиш имкониятига эга. Барча электрон тизимлар юқори ва паст ҳарорат шароитига мослаштирилган.

Шунингдек, автобусларда жойлашувни аниқлаш (GPS) тизими ва сифатли интернетдан фойдаланиш имконияти яратилган. Йўловчиларни онлайн ҳисобга олиш тизими диспетчерлик хизмати билан интеграция қилинган бўлиб, замонавий технологиялар орқали масофавий мониторинг ва маълумотларни бошқариш имкони таъминланади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали Ёзёвон туманида автомобилсозлик соҳасида янги босқични бошлаш ва уни тизимли равишда ривожлантириш мақсад қилинган.

Айтиш жоиз, жорий йилда туманда 43,4 миллион долларлик янги саноат лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда 24,7 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил этилди.

Ҳозирда саноат зонасида умумий қиймати 30 миллион долларга тенг бўлган учта лойиҳа — балиқ еми ишлаб чиқариш, металлни қайта ишлаш заводи ҳамда электр кабеллари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланган.

Шунингдек, истиқболда саноат зонаси ҳудудида меҳмонхона, логистика ва савдо мажмуаларини барпо этиш ҳам режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер