Ёзёвон туманида гиёҳванд моддаси мавжуд дори воситаларини сотган шахс қўлга олинди
Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида гиёҳванд моддаси мавжуд бўлган дори воситаларини ноқонуний тарзда сотиш билан шуғулланган шахс фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ёзёвон тумани бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р.Қ. гиёҳванд моддаларни ўз ичига олган дори воситаларини ноқонуний равишда тарқатишда гумонланиб ушланди.
Тезкор тадбир давомида Р.Қ. Фарғона шаҳридаги «Деҳқон бозори» МЧЖ автотураргоҳида фуқаро М.Х.га таркибида гиёҳванд моддаси мавжуд бўлган 277 дона «TAWON LIAR» номли дори воситаларини 1,8 миллион сўмга сотган вақтда қўлга олинди. Шундан сўнг, ушбу фуқаронинг ноқонуний фаолиятини аниқлаш мақсадида текширув ўтказилиб, жами 321 дона гиёҳванд модда сақловчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари бошланиб, иш тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний тарқалишининг олдини олиш ва жамиятга хавф туғдирадиган шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўриш ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг