Ёшларнинг жиноят содир этишига нима сабаб бўлмоқда?

14:07 13 Ноябрь 2020 Жамият
8495 0

Ёшлик ўзининг олижаноб ташаббуси, софдилликка, адолатга интилиши билан тараққиётнинг буюк кучларидан бирини ташкил қилади. Ёшлик, бу – орзу, ишонч, келажакка тузилган улкан режалар ва истиқболнинг бошланишидир. Агар ёшлик орзуси бўлмаганда инсон ҳаёти бир нуқтада тўхтаб қолган бўларди.

Александр Островский айтганидек, «Болаликдаёқ баркамол бўлишни жудаям зарур деб ҳисобламайман, одам мактабни тугатганидан кейин ҳам кўп нарсаларни ўрганиши мумкин, аммо машғулот кўникмаси ва ақлий камолотнинг асоси ёшликда шаклланади». Шу сабабли бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг салоҳиятини ошириб борган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга киришган инсоннинг эртаси нурафшон.

Ёшлик шу нарса билан бахтиёрки, унинг келажаги бор. Ёшлик пайтида шундай улуғ фикрлар туғиладики, бу фикрлар келажакда инсонни кўкларга кўтаради. Демак, ёшликни асраш, унинг ҳар бир сониясининг қадрига етиш лозим. Чунки дунёда ундан яхши палла ҳам, қимматли нарса ҳам йўқ!

Аммо «Ёшлик – бебошлик» дея ножўя ҳаракатларга қўл уриб, жиноят кўчасига кириб кетаётган ёшлар афсуски, бугун учраб турибди. Сўнгги пайтларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг аксарияти ҳам ёшлар ўртасида кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат.

Биргина жорий йилнинг ўтган етти ойида республика бўйича ёшлар томонидан 5 914 та жиноят содир этилган. Ачинарли жиҳати, улар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга ошган. Шу вақт мобайнида 464 нафар вояга етмаган шахслар томонидан 401 та жиноят содир этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,4 фоиз кўпдир.

Албатта, бу рақамлар, кўрсаткичлар ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Демак, бу борада ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини, уларнинг бошқа вазирлик ва идоралар, айниқса, таълим муассасалари, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш ғоят муҳимдир.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, ёшларнинг жиноят содир этишига нималар сабаб бўлмоқда? Бугун ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мазкур масала юзасидан юборилган парламент сўровига Ички ишлар вазири П.Бобожоновнинг жавоби кўриб чиқилди.

Ҳеч кимга сир эмаски, ёшлар асосан бекорчилиги, эътиборга муҳтожлиги, ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги туфайли жиноят содир этади. Муаммога ечим топиш мақсадида жорий йилнинг ўтган 9 ойида ички ишлар органлари томонидан манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда профилактик-огоҳлантирув тадбирлари ўтказилган.

Жамоат тартибини бузган, тарбияси oғир, таълим муассасаларидаги дарсларга сабабсиз қатнашмайдиган, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган ёки содир этган, ўзбошимчалик билан оиладан ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан кетиб қолган, адашган ёки қаровсиз қолдирилган 38 671 нафар вояга етмаган шахслар ички ишлар органлари таянч пунктларига келтирилиб, улар билан якка тартибдаги профилактик ишлар амалга оширилган. Ота-онаси қаровисиз, назоратисиз қолган, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож 2 минг 662 нафар вояга етмаганлар «Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказ»ига жойлаштирилган.

Халқимиз азалдан болажонлик фазилатини намоён қилиб, фарзандни дунёга келтиришдан тортиб, то камолга етказгунга қадар унинг таъминоти, таълим-тарбияси ва билим олиши, касб-ҳунар эгаллашига, умуман, етук инсон бўлиб камол топишига алоҳида эътибор қаратиб келган. Миллий қонунчилигимизда ҳам бу инсонпарвар қадриятларимиз ўзининг теран ифодасини топган.

Хусусан, Асосий Қонун — Конституциямиз, Оила кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар, Президентимизнинг кўплаб фармон ва қарорларида ёшлар, айниқса, вояга етмаган болалар манфаатларининг ишончли ҳимояси кафолатланган.

Шундай экан, бола дунёга келганидан бошлаб унга ғамхўрлик қилиш, соғлом ва тўғри тарбия ҳамда замонавий таълим олишини таъминлаш – ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Ҳар қайси ота-она ўз фарзандларига нисбатан мутасадди ва масъул эканини унутмаслиги лозим. Зеро, бу фарзанд келажаги, унинг комил инсон бўлиб вояга етишида энг муҳим ва зарур омилдир.

Аммо айрим ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлиги, ўз фарзандининг тарбиясини бировларга ишонишлари оқибатида турли салбий ҳолатлар келиб чиқаётир.

Масалан, фарзандларини парваришлаш, тарбиялаш борасидаги мажбуриятини бажармаётган 5092 нафар ота-онага нисбатан тўпланган ҳужжатлар жойлардаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга юборилиб, тегишли таъсир чоралари кўрилган. Ота-оналарнинг 2 140 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, 14 нафари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Халқимизда «касални даволагандан кўра, олдини олган маъқул», деган нақл бор. Демак, бу борада ҳамма айбни у ёки бу идорага, ташкилотга юклаб қўйиш тўғри эмас. Бу масалада ҳаммамиз жавобгармиз. Зотан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, маҳалла, балки барча ташкилот ва идоралар ҳам масъулдир.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер