Ёшларга баланд руҳ бераётган ўзгаришлар

19:24 08 Ноябрь 2021 Жамият
1068 0

Бугун дунёга ўзини қайта намоён қилаётган Ўзбекистон янги тарихий даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатда ортга қайтмас ва тўхтамас бўлиб старт олган ислоҳотлар натижаси ўлароқ миллий тараққиётимизнинг янги қиёфаси бўй кўрсатмоқда. Қурилиши жадал суръатларда кечаётган замонивий шаҳар ва қишлоқлар, инновацион типдаги технопарклар, ҳудудларда инфратузилма ва коммуникация тармоқларини модерниязациялаш ишлари янгиланаётган Ўзбекистондаги ўзгаришларга замонавий руҳ бағишламоқда.

Бугун Президентимиз томонидан янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси илгари сурилар экан, кишиларда янгича дунёқарашни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Зотан, консерватив фикрлашдан креатив фикрлашга ўтиш бугунги замонавий тараққиётнинг асл моҳиятидир. Таассуфки, орамизда китоб ўқишдан кўра ижтимоий тармоқларда вақтини беҳуда сарфлаётган ёшларнинг кўпайиб кетаётганлиги ачинарли ҳолдир. Ижтимоий тармоқлар, аввало, одамларни мафтун қилиш учун, сўнгра уларнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилгандир. Тўғри, виртуал оламнинг ижобий жиҳатлари ҳам етарлича топилади. Лекин сохта алдовларга ишонмаслик керак. Шу боис интернетдан фойдаланиш маданиятини барча-барчага сингдириш рақамли глобаллашувнинг салбий таҳдидлардан ҳимоя қилади.

Умуман олганда, интернет бу электрон ресурсларнинг виртуал оламдаги “Мега дўконидир”. Бу дўконда сифати яхши маҳсулотлардан кўра сифати бузилган маҳсулотлар талайгини. Афсуски, тўғри йўлдан адашиб, боши берк кўчага кирган аксар одамлар пуч ваъдалар ва ёд ғоялар таъсиридаги одамлардир. Шу боис деструктив кучларни манипуляциясига йўл қўймаслик талаб қилинади.

Бу ҳам етмаганидек, сўнгги пайтларда хоҳ ижтимоий тармоқларда, хоҳ айрим одамлар орасида юртимиздаги янгиланишларни инкор қилиб, турли кўринишдаги фейк хабарларни тарқатиб, негатив муносабатдаги кишиларнинг тез-тез учраётганлиги ҳали қилиниши керак бўлган ишларнинг кўплигини кўрсатмоқда. Муайян бир воқеа реал ҳаётда содир бўлишдан аввал инсон тафаккурида ўз аксини топади. Бу эса ислоҳотларни одамлар ўзидан, яъни ўзини ўзи ислоҳ қилиш керак деган маънони билдиради. Ҳар бир инсоннинг қалбида шукроналик ҳисси ва дахлдорлик туйғусини ошириш фуқаролик жамиятнинг муҳим шартидир.

Эскилик сарқитидан далолат берувчи айрим фуқароларнинг қарашлари ўзгармаётганлигининг иккита сабаби бор: биринчидан, жойлардаги айрим мутасаддилар фаолиятида кузатилаётган бюрократик омиллар оддий халқнинг хафсаласини пир қилаётган бўлса, иккинчидан, айрим одамларнинг ўзи ўзгаришни яъни қолипдан чиқишни исташмаяпти. Шу ўринда мусулмон кишининг икки куни бир-бирига ўхшамайди, аниқроғи чинакам мусулмон инсоннинг бугуни кечаги кунидан, эртанги куни бугунидан яхши бўлиши керак, деган ҳикматни эслаш ўринлидир.

Охирги беш йилликда бу сўз эркинлигини таъминлашга катта аҳамият қаратилмоқда. Аммо буни ҳам нотўғри қабул қилаётганлар етарлича топилади. Унутмаслик керакки, сўз эркинлиги бу — ўйламасдан гапириш ёки оғзига келганини айтиш, дегани эмас. Балки сўз эркинлиги бу — ҳақиқатни борича айтиш деганидир.

Куни кеча янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида “Ёш авлодимизга — менинг ўғил-қизларимга қарата айтмоқчиман: томирларида буюк боболаримизнинг ғайрат-шижоати жўш уриб турган азиз фарзандларим, сизлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда доимо олдинги сафда бўласизлар, деб ишонаман”, дея алоҳида таъкидлади. Бу ишонч, биз, ёшларга баланд руҳ, куч-ғайрат беради.

Шкурки, орамизда замон билан ҳамнафас, илм-фан ютуқлари ва инновацион технологиялар билан қуролланган юртдошларимизнинг борлиги сабаб мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги кўрсаткичлари йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Лекин булар билан чекланиб ёки бир жойда қотиб қолишга асло ҳаққимиз йўқ. Зеро, янгиланаётган Ўзбекистондаги барча ўзгаришлар, биз учун, халқимиз учун! Президентимиз таъбири билан айтганда, инсон қадри учун!

Асадбек ЗАИРОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер