Ёшлар парламентининг бир йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди

07:50 12 Февраль 2022 Жамият
1049 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти томонидан «Ёшлар парламенти фаолияти: 2021 йил сарҳисоби ва истиқболдаги режалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда қуйи палата депутатлари, Қонунчилик палатасининг ёшлар масалалари бўйича комиссияси ва Ёшлар парламенти аъзолари, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев матбуот анжуманини кириш сўзи билан очаркан, ҳисобот даврида Ёшлар парламенти томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этишини, республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилаётганини, Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатаётганлигини таъкидлаган эди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш масалаларини мустаҳкамлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилишга кўмаклашиш Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ёшлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, қонун ижодкорлиги фаолиятига ёшларни кенг жалб қилиш, қонунларда ёшлар манфаатларини акс эттириш, ёшлар фаоллигини ва жамиятдаги иштирокини ривожлантириш, чекка ҳудудлардаги ёшлар овозини ҳам парламентда эшитишни янги босқичга кўтариш каби устувор вазифаларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди.

Шунингдек, Ёшлар парламенти томонидан Қонунчилик палатасига киритилган 27 та қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар тайёрланиб, республика миқёсида 161 та ўрганиш тадбирлари амалга оширилди. Ёшлар парламенти аъзолари қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва тарғиботига бағишланган 252 та турли тадбирлар, ўқув-семинарлари ва конференцияларда фаол иштирок этди.

Ҳисобот даврида «Халқаро коррупцияга қарши курашиш» куни муносабати билан «Ҳозир бўлмаса қачон?», сайлов жараёнларни оммалаштириш мақсадида «Биз бўлмасак ким?» номли челенж ташкил қилинди.

Мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайлови жараёнида Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази билан ҳамкорлик қилинди. МСК ва Ёшлар парламентининг биргаликдаги фаолиятига бағишланган Халқаро пресс клубнинг «Президент сайлови ва Ёшлар: очиқлик, шаффофлик ва адолатли танлов» мавзусида махсус сессияси ташкил этилди.

Ёшлар парламенти аъзолари МСК йиғилишларига бағишланган 20 га яқин конференция ва брифингларда иштирок этди. Сентябрь-октябрь ойларида илк сайловчи ва ёш сайловчиларнинг электорал маданиятини юксалтириш юзасидан республика миқёсида 126 та тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Матбуот анжуманида Ёшлар парламенти аъзолари ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берди.

"Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер