Ёшлар — мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи

11:34 06 Март 2026 Сиёсат
648 0

Ёшлар – эртанинг эгаси. Чин маънода эгаларни улғайтириш учун бугундан ҳаракат қилинади. Уларнинг таълим-тарбиясига масъулият билан қаралади, шу соҳага зарур даражада инвестиция йўналтирилади.

Мамлакатимиз жами аҳолисининг тахминан 26 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бу кўрсаткич мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи айнан ёшлар эканини англатади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган қарорлар, ишлаб чиқилаётган дастурлар ва яратилаётган шароитлар аввало ана шу авлод тақдирига дахлдор. Ёшлар билимли ва ташаббускор бўлса, иқтисодий ўсиш барқарорлашади, жамиятда янгиланиш кучаяди.

Бугун ёшлар билан ишлаш тартиби ўзгарди, уларнинг муаммолари жойида ўрганилиб, ташаббуслари эса амалда рағбатлантирилмоқда. Давлат ёшларни қўллаб-қувватлашни вазифа сифатида эмас, келажакка сармоя сифатида кўрмоқда.

Ўтган йилги маълумотларга кўра, мамлакатимизда қарийб 200 дан ортиқ олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, улардан 30 таси хорижий университетлар ва уларнинг филиаллари ҳисобланади. Шу билан бирга, 80 дан ортиқ техникум ва коллежлар ҳамда 50 дан ортиқ ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ёшларнинг замонавий билим ва касб эгаллашига хизмат қилмоқда. Таълим муассасалари сонининг ортиши ёшлар учун танлов имкониятларини кенгайтирди, улар ўз қизиқиши ва қобилиятига мос йўналишни эркин белгилай оладиган бўлди.

Яратилган кенг имкониятлар самарасида сўнгги йилларда ёшларимиз жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш ва 221 та бронза медалини қўлга киритди. Бу кўрсаткичлар таълим сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни мақсадли тайёрлаш борасидаги ишлар ўз самарасини бераётганини тасдиқлайди.

Энг нуфузли халқаро олийгоҳларда таҳсил олаётган ёшларимиз сафи тобора кенгайиб бораётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Бугун Harvard University, Yale University, Princeton University, Columbia University, Cornell University каби дунёнинг энг нуфузли олий таълим масканларида таҳсил олаётган ёшларимиз 500 нафардан ошгани фахр туйғусини уйғотади.

Бундан ҳам қувонарлиси, жаҳон университетлари рейтингининг ТОП-100 талигида ўқиётган ўғил-қизларимиз сони 3,5 минг нафардан зиёд. Бу кўрсаткичлар ёшларимизнинг салоҳияти, интилиши ва қатъияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганини яққол намоён этади. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизда замонавий билимга бўлган эҳтиёжга жавоб берилаётганини кўрсатади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, таълим олаётган ёшлар орасида хотин-қизлар улуши тобора ортиб бормоқда. Бу эса юртимизда аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар самарасидир. Бугун хотин-қизлар нафақат таълимда, балки бошқарув, тадбиркорлик, илм-фан ва жамоатчилик ҳаётида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, 2022–2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шунингдек сиртқи ҳамда кечки таълим шаклида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат томонидан қоплаб берилаётгани муҳим қадам бўлди. Бу қарор кўплаб оилалар учун енгиллик яратиб, минглаб қизларнинг орзуларига қанот бағишлади.

Мазкур чора-тадбирлар хотин-қизларнинг таълим олиш йўлидаги иқтисодий тўсиқларни бартараф этиб, уларнинг билим ва касбий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг фаол ва иқтидорли ёшлари билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди. Мазкур учрашув ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини, уларнинг тақдири ва келажаги доимо эътибор марказида туришини яна бир бор тасдиқлади.

Самимий ва очиқ руҳда кечган мулоқот жараёнида ёшлар ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини бевосита баён этиш имконига эга бўлди. Энг муҳими, билдирилган таклифлар шунчаки эшитилиб қолмай, уларни амалиётга татбиқ этиш механизмлари ҳам белгилаб берилди. Бу жиҳат давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга оид сиёсат пухта ўйланган ва амалий натижаларга йўналтирилганини кўрсатади.

Айниқса, ҳар пайшанба куни вазирлик ва идораларда «Ёшлар куни» жорий этилиши давлат бошқаруви тизимида ёшлар билан ишлашни мутлақо янги институционал даражага олиб чиқади. Бу амалиёт орқали ёшлар муаммолари кабинетларда эмас, бевосита мулоқот жараёнида муҳокама қилинади, таклиф ва ташаббуслар эса реал қарорларга айланади.

Маълумотларга кўра, ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингга яқин ёшлар кириб келмоқда, 2030 йилга келиб бу рақам 1 миллионга етади. Шу боис, ёшлар учун ўз қобилияти ва малакасига мос иш топиш имкониятларини яратиш энг устувор масалалардан бири сифатида қаралмоқда.

Шу муносабат билан Президентимиз ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилишини эълон қилди. Ушбу маблағ ёшлар ўз бизнесини бошлаш, фаолиятини кенгайтириш ёки инновацион стартап лойиҳаларини амалга оширишда молиявий ёрдам беради. Бу жараён ёшларни иш қидирувчидан янги иш ўринлари яратадиган тадбиркорларга айлантиради.

Таъкидлаш жоизки, эндиликда ёшлар сиёсати фақат иқтисодий қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмайди. Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар йили 62 миллиард сўм ажратилиши, энг яхши волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грант берилиши фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг ипотека қарзлари бўйича 14 фоиздан юқори фоиз ставкаси давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Бу чора ёш оилаларга уй-жой масалаларини енгилроқ ҳал қилиш имконини яратади.

Юртимизда китобхонликни рағбатлантириш ҳам давлат сиёсатида муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда ижодкорларга ойига 20 миллион сўмлик ижодий буюртмалар берилади, мактабларда эса энг фаол китобхонларга 10 миллион сўмдан мукофот тақдим этилади. Бу қарорлар нафақат ёшларнинг маданий ва интеллектуал ривожига, балки уларнинг ижодий фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Таълим, тадбиркорлик, инновация, маданият ва ижтимоий фаоллик соҳаларида яратилаётган кенг имкониятлар ёшларни билимли, ташаббускор ва мақсадга интилувчи авлод сифатида шакллантиради. Шу йўл билан мамлакатимиз ёшлари ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариб, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий янгиланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер