«Ёшлар дафтари»даги йигит-қизлар қўллаб-қувватланмоқда
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд вилояти Иштихон туманининг «Бешариқ» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қозоғовул қишлоғида яшовчи Холдорхон Баҳодировни беш йилдан бери ишсизлик муаммоси қийнаб келарди. Шу йил бошида у «Ёшлар дафтари»га киритилиб, масаласига ечим топилгандай бўлди.
Эрта баҳорда ушбу МФЙдаги 98 нафар ёшга 25 сотихдан ер ажратилди. Мақсад бу ёшларга деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун имконият яратиш, шу орқали бандлигини таъминлаш эди. Натижа ёмон бўлмади. Улар шу пайтга қадар икки марта экин экиб, мўл ҳосил олишнинг уддасидан чиқдилар. Даромад ҳам шунга яраша.
— Қурилишларда оғир меҳнат қилиб, иш излаб сарсон юрардим, - дейди Холдорхон Баҳодиров. — «Ёшлар дафтари»га киритилганимдан сўнг, маҳалламиздаги фермер хўжалиги ер майдонидан 25 сотих экин майдони ажратилди. Биринчи экинга картошка экиб, 4 тоннага яқин ҳосил олдим. Иккинчи экинга 3 минг тупдан зиёд карам экиб, бундан ҳам мўмайгина даромад қиляпман. Карамнинг ҳар бир тупидан 5 килодан 10 килогача ҳосил оляпмиз.
Шу қишлоқдаги Саодат Ёрқулованинг тикувчиликка лаёқати ва қизиқиши баланд бўлсада, замонавий тикув машинаси сотиб олишга шароити йўл бермас эди.
— Туманимиз ҳокими «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит-қизлар билан учрашганида қизиқишларимни эшитиб, менга имтиёзли кредит асосида замонавий тикув машинаси берилишини айтди, - дейди Саодат. — 2 та тикув машинаси олдим ва фаолиятимни ривожлантира бошладим. Аста-секин даромадимни кўпайтириб, турмуш ўртоғим кўмаги билан дўкон ҳам очдик. Ўзим тайёрлаган аёллар ва болалар кийимларини, турли тақинчоқларни шу дўконда сотяпман. Бозор нархидан анча арзон сотилаётгани учун бўлса керак, чекка қишлоқда бўлишимизга қарамай, харидорларимиз кўп.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг