Ёнғинни ўчиргандан кўра, унинг олдини олиш мақсадга мувофиқ
Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг асосий вазифалари, энг аввало, ёнғинларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида кенг кўламдаги тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини кучайтириш, шу орқали ёнғинлар сонини камайтиришдан иборат.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳафтанинг чоршанба куни «Ёнғинлар профилактикаси куни» деб эълон қилиниши юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ёнғин хавфсизлиги хизмати Тошкент шаҳар гарнизони ходимлари ушбу талаблардан келиб чиқиб ёнғинларнинг олдини олиш борасида доимий равишда хонадонларда, кўп қаватли уйларда бўлиб, ёнғинларга сабаб бўлувчи ҳолатларни аниқлаш, аҳоли билан ҳамкорликда бу нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш, мана шундай камчиликлар қандай салбий ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиб келишмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, ёнғинларнинг аксарияти кишиларнинг лоқайдлиги, бепарволиги, ёнғин хавфсизлиги қонун қоидаларига риоя қилмасликлари ва болаларнинг олов билан ўйнашлари натижасида юзага келмоқда. Шу сабабли кутилмаганда ёнғин содир бўлганда қандай ҳаракат қилиш кераклигини ўргатиш, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан тўғри фойдаланишни амалда кўрсатиб тушунтириш муҳим. Бинобарин, тез-тез аҳоли кўп йиғиладиган жойларда тадбирлар ўтказиб, ёнғинларнинг аянчли оқибатлари акс этган плакатлар, видеорокликлар, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш қилиб келинмоқда.
«Ёнғинни ўчиргандан кўра, унинг олдини олиш мақсадга мувофиқ» шиорига амал қилиб назоратни кучайтирсак, бир ёқадан бош чиқариб ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилсак, «тилсиз ёв»ни жиловлаган, ўзимиз ва атрофимиздагиларнинг ҳаёти, соғлиғини, халқимизнинг маънавий-маданий, тарихий ёдгорликларини асрашга ва келажак авлодга етказишга ўз ҳиссамизни қўшган бўлар эдик.
Ф. Джамилова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси биносида
ЁХТТE бўлинмаси мутахассиси,
кичик сержант
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг