Ёнғин хавфининг ортишига сабаб нима?
Мамлакатимизда куз-қиш иситиш мавсумида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабрига қадар “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилмоқда.
Статистика маълумотларига қараганда, республикамизда ҳар йили 15 мингдан ортиқ ёнғинлар содир бўлади. Бунинг оқибатида 900 нафарга яқин киши тан жароҳати олиб, 200 нафардан ортиқ инсон нобуд бўлади. Кўрилган моддий зарар миқдори эса бир неча миллиард сўмдан ошиб кетади. Мана шу факт ва далиллар тилсиз ёвнинг оқибатлари нақадар аянчли эканлигини кўрсатиб турибди.
“Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”дан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, аҳоли тураржойларида бундай кўнгил ҳодисаларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштиришдан иборат эканлиги диққатга сазовордир.
Ойлик доирасида Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 166-сонли мактабда ёнғинга қарши тарғибот тадбири ўтказилди.
— Таҳлилларнинг кўрсатишича, куз-қиш мавсумида ёнғин хавфининг ортишига сабаб бўладиган асосий омиллардан бири иситиш мосламаларига бўлган эҳтиёжнинг ошиши ҳисобланади, — дейди Яшнобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари, майор Анвар Зиябеков. — Шу боис ойлик давомида ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ишчи-хизматчилар, таълим муассасалари ўқувчилари ва аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Уларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талаблари, фавқулодда ҳолатларда ҳаракатланиш талаблари тушунтириляпти. Шу билан бирга, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Мактаб директори Нилуфар Тулебаеванинг айтишича, мазкур таълим муассасасида ёнғин хавфсизлиги бурчаги ташкил этилган бўлиб, ўт ўчириш асбоб-ускуна ва анжомлари билан жиҳозланган. Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлигини таъминлашга масъул шахс тайинланган. У бошчилигида ёнғин хавфсизлиги меъёрлари бузилишининг олдини олиш, фавқулодда ҳолатлар келиб чиқишига йўл қўймас чора-тадбирлари янада кучайтирилган. Хусусан, газ, энергетика, сув ва иситиш мосламаларининг созлиги доимий назорат остида. Қўлбола иситгичлар, маиший электр ускуналаридан фойдаланишга йўл қўйилмаяпти.
Мактабда хавфсизлик талабларига риоя этиш борасида эслатма, йўриқнома, плакатлар ва баннерлар ишлаб чиқилиб, белгиланган жойларга ўрнатилгани, шунингдек, ўқувчиларга тарқатилгани ойлик тадбирларининг самарадорлигини оширишда қўл келаётир.
Тадбирда объектларда фавқулодда вазиятлар ёки ёнғин содир бўлганда ҳаракатланиш тартиби бўйича амалий машқ ўтказилди. Шунингдек, ёнғин қутқарув техникалари ва воситалари намойиш этилиб, ўқувчиларга улардан қандай фойдаланиш йўл-йўриқлари кўрсатиб берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг