Ёғли овқатлар мияни кислород билан таъминланишини бузади

01:56 17 Декабрь 2023 Дунё
1808 0

Фото: Freepik.com

Стрессли ҳолатдан олдин ёғли овқатларни истеъмол қилиш қон томирларининг ишини ва мияни кислород билан таъминлашни бузиши мумкин. Бу ҳақда “Frontiers in Nutrition” журналида чоп этилган тадқиқот якунлари бўйича мақолада айтиб ўтилган.

Тажрибада 21 киши — соғлом йигит ва қизлар иштирок этди. Улар икки гуруҳга бўлинди. Биринчисига кўп ёғли (56,5 грамм ёғ), иккинчисига эса кам ёғли (11,4 грамм ёғ) овқатлар берилди. Улар 8 дақиқалик стрессли математик топшириқни бажаришдан 90 дақиқа олдин овқатни истеъмол қилишди. Бунда иштирокчилар муаммони ҳал қилишни тезлаштиришлари керак эди. Агар улар нотўғри жавоб беришса, бундан хабардор қилиб турилди. Бундан ташқари, иштирокчилар ўзларини экранда кўриб туриш имконияти ҳам яратилди. Тажриба иш ёки уйда кундалик стрессни симуляция қилиш учун мўлжалланган эди.

Иккала турдаги озиқ-овқат ҳам қон томирларининг кенгайишига ва қон босимининг ошишига ёрдам берди. Бироқ, кўп ёғли овқат истеъмол қилганларда, қон томир функцияси стрессли ҳодиса тугаганидан кейин 90 дақиқадан сўнг сезиларли даражада бузилган. Бундан ташқари, мияга кислород етиб бериш камайган. Иштирокчиларнинг ўзлари стрессли иш пайтида ва ундан кейин ёмон кайфият ҳақида хабар беришди. Кам ёғли овқат истеъмол қилган иштирокчилар тезроқ нормал ҳолатга қайтишди.

Умуман олганда, ёғли овқатларни истеъмол қилиш қон томирлари фаолиятини 1,74 фоизга ёмонлаштирган. Аввалги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қон томирлари функциясининг 1 фоизга бузилиши юрак-қон томир касалликлари хавфининг 13 фоизга ошишига олиб келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер