“Яшил макон” лойиҳасида тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этмоқда

15:06 06 Ноябрь 2023 Жамият
140 0

Фото: “Халқ сўзи”

Шу кунларда республикамиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари авж паллада. Жумладан, Андижон вилоятида ҳам жорий мавсумда 34 турдаги 6,5 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Жараёнда тадбиркорлар фаоллиги янада ошган. Жалақудуқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони масъуллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга эътибор қаратилди.

— Кўчат ўтқазиш осон, уни дарахтга айлантириш қийин, – дейди девон бош инспектори Муроджон Ҳошимов. — Шу боис бугун биз ўтқазган кўчатлар эртага дарахтга айланиб, атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатиши учун унинг парваришига ҳам масъул бўлишимиз керак. Учрашув давомида туманда фаолият олиб бораётган 1690 та тадбиркорлик субъекти вакиллари билан шу мавзуда аниқ қарорга келишиб олдик. Яъни, туман бўйича экиладиган 399 минг 800 туп кўчатнинг парвариши, агротехник тадбирлари қатъий назоратга олиниши юзасидан тегишли чораларни белгилаб олдик.

Тадбир иштирокчилари шу куни тумандаги “Ҳарир тола” МЧЖда бўлиб, кўчат экиш ишларида қатнашдилар.

— Ушбу корхона ипакчилик йўналишида фаолият олиб бориши туфайли унга тегишли бўлган майдонга тут кўчатлари экилди, – дея изоҳ берди девон мутахассиси Нодирбек Маматов. — Бунда унинг туман иқлимига мослиги, касалликларга чидамлилиги, кам харажат талаб қилиш хусусиятларини ҳисобга олдик. Зеро, бугун экилган кўчатлар вилоятда пиллачилик соҳасини ривожлантиришда муҳим омил вазифасини ўташи ишонамиз.

Шу куни тадбир иштирокчилари томонидан 200 минг туп кўчат экилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер