«Яшил чироқ» мусобақаси ўқувчилар билимини янада мустаҳкамлади

08:19 04 Март 2023 Жамият
1823 0

Уйдан йўлга чиқдикми, демак, биз йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. Мамлакатимизда сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида кенг қамровли ташкилий-амалий ишлар амалга оширилди.

Аммо, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ўлимга олиб келган йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳали ҳам юқори бўлиб, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, йўл инфратузилмасини ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги қоидабузарликларнинг барвақт профилактикасига йўналтирилган самарали тизимни йўлга қўйиш, шунингдек, инсон омилини истисно қилувчи рақамли технологияларни кенг жорий этиш талаб этилмоқда. 

Яна бир муҳим жиҳат, йўл ҳаракати қоидаларини, аввало, умумтаълим мактабларида ўқувчиларга кенг тушунтириб бориш жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Боиси ёшларда болалигидан йўл ҳаракати қоидаларига ҳурмат, уларга амал қилиш кўникмаси шаклланса, келгусида содир этилиши мумкин бўлган турли йўл транспорт ҳодисаларининг олди олинади.

Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги 212-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш мақсадида ташкил этилаётган «Яшил чироқ» мусобақаси бизнинг мактабимизда ҳам уюшқоқлик билан бўлиб ўтди.

Ушбу танловда иштирокчилар «Пиёдалар ҳаракати», «Ҳаракат назорати», «ЙТҲ жабрланувчисига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш», «Ёш велосипедчи», «ЙҲҚ бўйича назарий имтиҳон», «ЙҲҚ ташвиқоти» ва бошқа йўналишлар бўйича беллашишди.

Тадбирга Сергели тумани «Қумариқ» МФЙ профилактика инспекторлари Н.Ахунов ҳамда Ж.Қурбонов ташриф буюриб, ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини батафсил тушунтирди ва мусобақа қатнашчиларининг иштирокини баҳолаб боришди.

Ғолиб жамоалар мактаб маъмурияти томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, мусобақанинг туман босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Шунингдек, мактабимизда кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби ҳам ташкил этилди. Мазкур клубга 9-11-синф ўқувчилари қамраб олинди.

Интизор ҚУРБОНОВА,

Сергели туманидаги 269-сонли мактаб директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер