Яқин Шарқдан 5 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди

17:25 04 Март 2026 Жамият
475 0

Яқин Шарқ давлатларида давом этаётган ҳарбий низо натижасида Ватанга қайта олмаётган беш мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси минтақада қайтарилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумки, жорий йилнинг 28 февралдан бошлаб Ўзбекистон шаҳарларидан Дубай, Шаржа, Мадина, Доха, Жидда, Тел-Авив, Теҳрон, Қувайт йўналишларида барча авиақатновлар бекор қилинди. Натижада 28 февраль – 2 март кунлари Қувайт, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар ва БАА дан 1 681 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайта олмаган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Форс кўрфази мамлакатларида қолиб кетган фуқароларни Ўзбекистонга қайтиб келишларини самарали ташкил этиш юзасидан берган топшириғи доирасида Транспорт вазирлиги томонидан резидент ва хорижий авиакомпаниялар билан аниқ режалар тузилган. Ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида «Ўзавиация» агентлигида 24/7 режимда ишлайдиган штаб ташкил этилган.

Шунингдек, қатор мамлакатлар ҳаво ҳудудининг ёпиқ қолаётганлиги ҳамда вазият ўзгариб бораётганлигини, шунингдек, хорижий мамлакатлар авиация ҳукуматлари билан ўтказилган музокаралар якуни бўйича эришилган келишувларни инобатга олган ҳолда барча авиакомпаниялар парвозларни бажаришда амал қилиши лозим бўлган талаблар белгиланган.

«Ҳозирги вақтда резидент ва норезидент авиакомпаниялар томонидан 2026 йил 28 февралгача жўнаб кетган йўловчиларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида парвозлар амалга оширилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Билдирилишича, бугунги кун ҳолатига кўра, маҳаллий резидент авиакомпаниялари томонидан Мадина ва Жидда аэропортларидан 21 та парвозлар бажарилиб 4 948 нафар ҳамда Дубай шаҳридан 235 нафар йўловчи Ватанга олиб келинган.

Транспорт вазирлиги мазкур рейслар бўйича маълумотларни аниқлаштириш учун фақатгина авиакомпанияларнинг ваколатхоналарига ва уларнинг расмий веб-сайтларида кўрсатилган телефон рақамларига (ишонч телефонларига) мурожаат қилиш лозимлигини қайд этган.

Бундан ташқари эҳтимолий тушунмовчиликлар ва молиявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида фақат расмий маълумот манбаларидан фойдаланиш ва текширилмаган воситачиларга мурожаат қилишдан сақланиш тавсия этилган.

Таъкидланишича, йўловчиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида «Ўзавиация» агентлигининг cалл-маркази 24/7 режимида ишлайди:

Тел. +998 (78) 120-00-72, +998 (71) 200-07-65.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер