Япониядаги Алишер Навоий ҳайкали ташаббускори хотирланди
Япониялик файласуф, адиб ва педагог марҳум Дайсаку Икеда 1928 йилида Токиода таваллуд топган.
Иккинчи жаҳон урушининг уқубатлари, инсоният бошига солган кўргиликларни ўз кўзи билан кўрган Икеда тўқсон беш йиллик умрини тинчлик ғояларига бағишлаган инсон десак, асло муболаға эмас.
“Тинчлик” дегани фақат уруш бўлмаслигигина эмас, балки миллатлараро маданиятлар, умуминсоний қадриятлар ҳамкорлигининг мустаҳкамлиги ҳамдир, деб ёзади Икеда. У шу ғоялар тарғиботида дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатида бўлиб, инсонпарвар жамиятни яратиш, таълим ва маданиятни қўллаб-қувватлашни тарғиб этади.
Ҳазрат Навоий ғояларига ҳамоҳанг ушбу тушунчалар файласуф адибнинг Ўзбекистонга қизиқишини орттириб, мамлакатимизда бир неча бор бўлган. Кунчиқар юртда ўзбек халқининг минг-минг йиллик қадриятлари, урф-одат ва анъаналарини тарғиб этувчи рисолалар, фотоальбомлар яратиб, Токио шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкалининг ташаббускори бўлган.

Ўзбекистоннинг япониялик катта дўсти, Ўзбекистон Миллий университетининг фахрий профессори Д. Икеда Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси ҳам ҳисобланади.
Шаҳарда ҳазрат Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан Республика Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан Дайсаку Икеда хотирасига бағишланган “Навоий ва табиат билан мулоқот” деб номланган бадиий кеча бўлиб ўтди. Унинг аввалида тадбир иштирокчилари Д. Икеданинг юртимиз табиати, халқимиз маданий меросига бағишланган фотоальбоми кўргазмаси билан танишдилар.
— Дайсаку Икеда Ўзбекистон – Япония археологик тадқиқотларига асос солган киши ҳамдир, — дейди Республика Маданий мерос агентлиги директори Турсунали Қўзиев. — У ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларида катта археологик экспедиция юбориб, “Ўзбекистон жануби қадимиятлари” катта альбомни нашр эттирган эди. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон Халқ рассоми Равшан Миртожиев муаллифлигидаги Алишер Навоий ҳайкали яратилиб, 2004 йилда Токионинг Сока университетида тикланди. Йигирма йилдан буён ушбу ҳайкал пойида Алишер Навоий таваллуди муносабати билан ҳар йили япон ва ўзбек тилларида шоир ғазаллари янграб, навоийхонлик тадбирлари ўтказилади.
Тадбир ниҳоясида Дайсаку Икеданинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг