Японияда қордан тозалаш ишлари чоғида 60дан ортиқ инсон ҳалок бўлди
Япония ҳукумати мамлакатнинг шимолий ҳудудларига фавқулодда молиявий ёрдам кўрсатади. Бу жойларда қорни тозалаш учун ресурслар етишмаяпти.
Давлат ерлари, инфратузилмалар, транспорт ва туризм вазири Кадзуёси Акабанинг айтишича, уйларини қордан тозалаш чоғида 60дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган.
«Давлат қорни хавфсиз тозалаш учун зарур маблағни зудлик билан ҳисоблаб чиқиб, ёрдам кўрсатади, — деган у. — Биз тозалаш ишларида ҳалок бўлганлар сони рекорд даражага етганидан чуқур қайғудамиз».
Вазирнинг сўзларига кўра, бу 2017-2018 йилларда қайд этилган кўрсаткичдан ҳам кўпдир.
Япониянинг Хонсю ва Хоккайдо ороллари шимолий ҳудудларида декабрь ойидан буён қалин қор ёғмоқда. Оқибатда транспорт ҳаракатида узилишлар мунтазам содир бўляпти, коммунал хўжалиги фаолияти издан чиққан.
Қордан қутуламан деб дунёдан кўз юмганларнинг асосий қисми ёши катта инсонлардир. Уларнинг кўпчилиги уйлари томларини тозалашда йиқилиб ёки қор уюми тагида қолиб кетиб, ҳалок бўлган. Ҳукумат маҳаллий бошқарув органларига ажратилаётган ресурсларни биринчи навбатда аҳолига ёрдам бериш учун сарфлаш бўйича топшириқ берган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг