Янгиланиш ва қадриятлар уйғунлиги

15:24 20 Март 2026 Жамият
359 0

Андижон вилоятининг Бобур шаҳрида умумхалқ Наврўз байрами муносабати билан ўтказилаётган халқ сайли бугун нафақат байрам, балки миллий руҳ, қадрият ва янгиланиш тимсолига айланган. Баҳорнинг илк нафаси уфуриб турган бу гўшада табиат уйғониши билан бирга инсонлар қалбида ҳам янгича кайфият, эзгу орзулар ва пок ниятлар жўш ураётгандек.

Сайл майдонига қадам қўйган киши аввало дошқозонларда қайнаётган сумалак ҳидига, янги ёпилган қатлама ва кўк сомсаларнинг иссиқ буғига гўё бир зумда маҳлиё бўлади. Бу ерда ҳар бир таом нафақат таъм, балки асрлар давомида шаклланган миллий анъаналарнинг давоми сифатида намоён бўлмоқда.

Майдонда янграётган куй-қўшиқлар эса байрамга янада жон бағишлайди. Ҳаваскор жамоалар ижросидаги миллий куйлар, қўшиқлар ва рақслар йиғилганларнинг қалбига илиқлик улашиб, уларни бир мақсад — байрам шодлигини биргаликда ҳис этишга чорламоқда. Дорбозлар ўз маҳорати билан томошабинларни ҳайратга солса, полвонлар беллашувлари орқали миллий спорт анъаналарини намоён этмоқда.

Айни пайтда, сайл ҳудудидаги рассомлар ҳам бефарқ эмас. Улар шу гўзал лаҳзаларни ўз асарларида муҳрлашга киришган. Баҳор ранги, инсонлар чеҳрасидаги қувонч ва миллий муҳит улар чизган суратларда янада жонланади.

Наврўз бугун фақат анъаналарни намоён этиш билан чекланиб қолмаяпти. У замонавий ёндашувлар, янги ғоя ва лойиҳаларни ҳам намойиш этиш имконига айланмоқда. Жумладан, «Андижон сув таъминоти» акциядорлик жамияти томонидан намойиш этилган ҳавода муаллақ фаввора кўпчиликнинг эътиборини тортди.

— Ушбу лойиҳа аслида янгилик эмас, — дейди жамият бош муҳандиси Хумоюнжон Алимов. — Шунчаки, унга баҳорий кайфиятни сингдирган ҳолда меҳмонлар эътиборига ҳавола этдик. Ушбу фаввора остига 200 литрли сув идиши ўрнатилган бўлиб, сув насос ёрдамида юқорига кўтарилади. Кўтарилган қувур орқали ташқарига отилиб, яна ҳовузга тушади. Бу орқали биз табиатдаги сув айланишини ифода этдик. Шу билан бирга, сувнинг ҳатто қуруқ адирларни ҳам гуллаб-яшнаган боғларга айлантиришдаги беқиёс аҳамиятини тасвирлашни мақсад қилдик.

Дарҳақиқат, бу каби янгича лойиҳалар Наврўз байрамининг мазмун-моҳиятини янада бойитмоқда. Бир томонда миллий қадриятлар, иккинчи томонда замонавий фикр ва ташаббуслар уйғунлиги намоён бўлаётгани эса бу байрамнинг ҳаётийлиги ва давомийлигини таъминлайди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер