Янги технология орқали индий металли ажратиб олинди, унинг 1 килограмми ҳозир жаҳон бозорида 230 долларни ташкил этади
Фото: Архив сурат
АОКАда «Олмалиқ» КМК ахборот хизмати раҳбари Умида Қаршибоева иштирокида ўтказилган брифингда комбинат мутахассисларининг илмий изланишлари натижасида эришилган ютуқлар тўғрисида маълумот берилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш натижасида кўплаб ютуқларга эришиб келинмоқда. Жумладан, комбинат мутахассислари ҳамда олимлари томонидан куни кеча индий металлини олиш технологиясига ихтиро патенти олинди.
Минерал ресурслар илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда Рух заводи технологик эритмаларидан лаборатория шароитида ишлаб чиқилган янги технология орқали индий металли ажратиб олишга эришилди. Ҳозирги кунда саноат тажрибалари олиб борилмоқда. Мазкур ихтирога Ўзбекистон Республикасининг «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонунига кўра, Адлия Вазирлиги томонидан фойдали модель патенти берилди.
Индий металли заргарлик буюмларида, электроникада, тиббиётда, космик ускуналар ва ярим ўтказгичларда қўлланилади. Шунингдек, индий коррозияга қарши қопламалар таркибига қўшилади ҳамда смартфон, планшет экран қаватини ва автомобиль фараларни ишлаб чиқаришда ишлатилади. Ушбу металлнинг 1 килограмми ҳозирги кунда жаҳон бозорида 230 долларни ташкил этади.
Бугунги кунда индий металли Россия, Хитой, Австралия, Ҳиндистон, Боливия, Қозоғистон, Канада, Перу каби давлатларда ишлаб чиқарилади.
Индий металлини ишлаб чиқариш бўйича саноат тажрибалари якунланганидан сўнг, жорий йилнинг 2-чорагидан бошлаб комбинатда маҳсулот олиниши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки бугунги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинати жами бўлиб 14та фойдали модель патентига эга.
Мисол учун, улардан иккитаси 2022 йилда олинди. Бу «Олтин аффинажи эритмаларидан платинани ажратиб олиш усули» номли IAP 07032 халқаро ихтиро патенти ҳамда «Аффинажланган палладийни кукун ҳолида олиш усули» номли FAP 45383 фойдали модель патентлардир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг