Янги қўмита: Пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади
Қоракўл қўйларидан олинадиган тери қадимдан жуда қадрланган. Айниқса, Бухоро қоракўл териси ипаксимон, ялтироқ ва жозибадорлиги, ўзининг ярим доира қаламгул, қовурғасимон, яссисимон гул типлари билан машҳур бўлган. Зеро, қоракўл териси фармацевтика ва пишлоқ саноати учун ширдон, енгил саноат учун жун ва бошқа маҳсулотлар бериши билан ажралиб туради.
Шу боис мамлакатимизда пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқларининг мавжуд салоҳиятини ҳар томонлама ишга солиш ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарининг рентабеллигини ошириш учун қулай шароитлар яратиш орқали ушбу соҳаларни қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Лекин ҳозирги давр тармоқлардаги инфратузилма ресурсларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш, насл кўрсаткичларини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ишлар кўламини янада кенгайтиришни талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Негаки, унга мувофиқ, 2021 йил 1 июлга қадар республиканинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қоракўлчилик кластерлари ташкил қилинади.
Шу билан бирга, кластерларга қоракўл зотли қўйларини боқишга мўлжалланган, шу жумладан, ўрмон билан қопланмаган ўрмон фонди ерларидан яйловлар ижарага берилади.
Аҳамиятли томони, 2021 йил 1 январдан бошлаб кластерларга ҳудудларда шахтали ва тик қудуқлар, шунингдек, сув тортиш учун насос станцияларини янгидан қуриш ва реконструкция қилишга Президентимизнинг 2020 йил 17 январдаги тегишли қарорида назарда тутилган 120 миллион сўмгача миқдорда субсидиялар бериш тартиби қўлланилади.
Фармонда республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун камида битта иш ўрни яратиш шарти билан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида субсидиялар ажратилиши ҳам кўзда тутилган.
Президент фармонида ўз ифодасини топган яна бир муҳим янгилик – Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилди.
Пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш Қўмитанинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Эндиликда қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган барча яйловлар Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказилиб, яйловлар кластерларга Қўмита томонидан мустақил равишда, шу жумладан, ноль ставкада ижарага берилади.
Фақат шугина эмас. Президентимиз фармони билан Ипакчилик илмий-тадқиқот институти, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти, Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси таркибига ўтказилади.
Хулоса шуки, пиллачилик ва қоракўлчилик кластерларини ташкил қилган ҳолда хомашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бугунги кунда долзарб вазифалардан саналади. Мазкур фармон шак-шубҳасиз, жойларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг