Тарихий нутқ, амалий ташаббуслар янги Ўзбекистон ёшлари учун катта рағбат ва мадад бўлди
Мамлакатимизда ёшларга нафақат эртанги ўзгаришларга сабаб бўладиган муҳим куч, балки жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчи сифатида қаралади. Ёшлар том маънода, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, ёруғ келажагимиз бунёдкори ҳисобланиб, улар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган.
Бугунги кунда ҳам янги Ўзбекистон ёшларига ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишига айланди. Юртимизда замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган ўғил-қизларни тарбиялаш учун давлатимиз томонидан барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини тинглаб, мамлакатимизда бу борадаги ишлар изчил давом этишига амин бўлдим. Ҳар биримизнинг қалбимиздан, юрагимиздан чуқур жой эгаллаган нутқда келажагимиз эгалари бўлган йигит-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ўткир ва долзарб ташаббуслар илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида яқинда мамлакатимизга ташриф буюрган таниқли сиёсатчи, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонгнинг фикрларини тилга олди. Олий мартабали меҳмоннинг айтишича, сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан. Шу боис, у киши Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолаган.
Мамлакатимиз раҳбари бу биз учун катта эътироф эканлигини айтиб, бу ғоят муҳим йўналишдаги ишларзни давом эттирган ҳолда, Парламентлараро иттифоқ кўмагида “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббусни амалга ошириш, ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этиш лозимлигини билдирди.
Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилиши, маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилишини қайд этар экан, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантиришни таклиф этди.
Сир эмаски, кўплаб иқтидорли ўғил-қизларимиз хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқимоқда, илм-фан билан шуғулланмоқда, йирик ва етакчи компанияларда иш олиб бормоқда. Энди ана шундай юксак билим ва малакага эга бўлган ёшларнинг Ватанимизга келиб ишлаши учун барча шароитларни яратиб берилади. Уларни раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида белгилаш, уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этилиши эса мамлакатимизда ўзининг шахсий фикри, принциплари ва соҳага янгича ёндашуви бўлган ёш раҳбар кадрларни масъулиятли лавозимларга тайинлаш йўлида бундан буён ҳам давлат сиёсати даражасида тизимли ислоҳотлар, янги босқичларда, янгича мазмун-моҳият ила давом этаверишига ишорадир.
Ушбу тарихий нутқда жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўташи, республикамизда ишлаётган, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланиши лозимлиги ҳам билдирилди. Бу борада ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига ана шундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқлаши ҳамда уларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва рағбатлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиши давлатнинг ёш иқтидор эгаларига қай даражада катта эътибор қаратаётганидан далолат беради.
Ғамхўрлик ва эътиборнинг юксак намунаси
Униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш ҳамма вақт давлат ва жамият эътиборида бўлиб келган. Чунки тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.
Шу жиҳатдан кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинмоқда. Пировард мақсад – юртимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўша оладиган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўладиган фаол ва етакчи ёшларни тарбиялашдан иборат.
Президентимиз деярли ҳар бир маърузаларида, ёшлар билан учрашганида “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” деган сўзларни бежиз қайта-қайта такрорламаяпти. Боиси дунёда ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ёш авлодини айни шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланмоқда.
Бугунги кунда дунё бўйича миллионлаб ёшлар оч-наҳор, усти юпун, қорни нонга тўймай яшаётган бир даврда Президентимизнинг ёшларга қилаётган ғамхурликлари, йигит-қизларни юксак даражаларга кўтарилиши учун барча имкониятлар ишга солаётгани, айниқса, иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларимизни қўллаб-қувватлаб, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига контракт тўловларини бюджетдан тўлаб бераётгани давлатнинг юрт таянчларига қай даражада эътибор қаратаётганини амалда яққол ифодалаб берди.
Ҳозирги кунда ота-оналар фарзандини олийгоҳда ўқитиш учун таълим кредитини 22-28 фоиз ставкада 3 йил муддатга олаётгани ҳисобга олиниб, янги ўқув йилидан бошлаб барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, яъни, жорий йилда 14 фоиз ставкада ажратилиши белгиланди. Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан озод қилиниши ота-оналарни ҳам, талабаларни ҳам ниҳоятда илҳомлантириб юборди. Бу имкониятлар олий маълумотли бўлиб, юрт тараққиётига ўз улушини қўшиш истагида юрган кўплаб ёшлар учун ҳақиқатдан катта рағбат бўлди.
Бугун мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 64 фоизини ёшлар ташкил этиши албатта, бу давлатимиз зиммасига улкан масъулият юклайди. Ўз навбатида, бу жуда катта эътибор, ғамхўрликни талаб этади. Бу борада “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига, олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилиши янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро, ҳар бир ўғил-қиз давлатнинг эътиборида эканлигини англатади. Зеро, давлатнинг қудратини белгилайдиган қатор омиллардан бири, шубҳасиз, манан етук, мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялашдир.
Ишсизлик муаммоси бўлмаслиги керак
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, билим ва касб-ҳунар эгаллаши, яхши турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишига айланмоқда. Сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошгани бунинг яққол далилидир.
Маърузада давлатимиз раҳбари ёшларимизнинг ҳаётий муаммоларига янада кўпроқ эътибор қаратиш, уларга мос бўлган замонавий иш ўринларини кўпайтириш, эзгу интилиш ва ташаббуслари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш борасидаги долзарб масалаларга ҳам алоҳида тўхталди.
Бу борада марказий ва маҳаллий ҳокимлик идоралари, депутатлар корпуси, суд-ҳуқуқ соҳаси раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқотлар олиб бориши яхши анъанага айланди. Натижада ҳудудларда йигит-қизларни қийнаётган кўпгина муаммолар жойида ҳал этилмоқда, бизнесни бошлаш истагида юрган ёшларга амалий ёрдам, кенг имкониятлар, зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Жорий йилда бошланган ер ислоҳотлари доирасида пахта ва ғалладан қисқарган майдонларда озиқовқат маҳсулотлари етиштириш учун экин майдонлари 10 йил муддатга ижарага берилиши 500 минг ёшни доимий иш билан таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, уларга бериладиган имтиёзли кредитлар ва лизинг асосида 50 мингдан зиёд енгил конструкцияли замонавий автосервис, маиший хизмат, чакана савдо ва умумий овқатланиш шохобчаси барпо этилиши белгилангани кўплаб ёшларнинг дилидаги гап бўлди.
Ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилиб, шу мақсадда жорий йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Сирдарё ва Навоий вилоятларида ёшлар технопарклари фойдаланишга топширилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Келгуси йили Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида ҳам шундай технопарклар барпо этилади. Ёшларнинг стартап ғояларини саралаб олишнинг шаффоф тизими йўлга қўйилади. Энг яхши лойиҳаларни молиялаштиришга бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Миллий банк ва унинг барча филиаллари раҳбарларининг асосий вазифаси этиб белгиланди. Бунда ёшларни бизнесга ўқитиш, “лойиҳалар фабрикаси”да илгари сурилаётган янги ғоялар асосида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва молиялаштириш бўйича доимий ишлайдиган ҳамда ёшларга қулай ва қизиқарли бўлган янги тизим яратилади.
ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу маърузадан келиб чиқувчи асосий вазифаларни белгилаб олди. Биз мамлакатимизда ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасида ишсизлик муаммоси бўлмаслиги керак, деб ҳисоблаймиз. Ёшлар бандлигини тўлиқ таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизлик даражасини қисқартириш – мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим шарти. Бу борада “Тадбиркорлик – аҳоли бандлигининг гарови!” ғояси ҳаётимизга тўлиқ жорий этилишига интиламиз ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси амалиётини қўллаб-қувватлаймиз.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу тарихий нутқ, унда билдирилган ташаббуслар ҳаётимизда том маънода ижобий тарихий бурилиш ясайди. Бу жараёнда мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида ЎзЛиДеП ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ёшлар ҳаётида албатта, ижобий ўзгаришлар қилади. Ёшларда мотивация уйғотиб, ўз олдига қўйган катта марраларга эришиши учун партиянинг барча депутатлик корпуси бир тану бир жон бўлиб, уларга ҳар томонлама кўмак беради.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг