Янги объектлар байрам совғаси бўлди

12:39 04 Сентябр 2023 Жамият
523 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ҳарбий хизматчиларга уй берилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги шодиёнаси кунларида Оқдарё туманининг Даҳбед шаҳарчасида бунёд этилган иккита 5 қаватли тураржойдан 70 га яқин хонадон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Очилов, Оқдарё тумани ҳокими Шерзод Қудратов ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари яшаш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритдилар. Бунинг натижасида ҳарбий хизматчилар замон талабларига мос яшаш шароитларига эга бўлиб, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.

— Йигирма йилдан бери Ватанимиз мудофаасини таъминлашдек шарафли вазифада хизмат қилиб келмоқдаман, — дейди иккинчи даражали сержант Сафар Ҳакимов. — Бу вақт оралиғида юртимизнинг турли ҳудудларида, баъзида шароити бор, баъзида йўқ жойларда яшашга тўғри келди. Ҳарбий хизматчи ҳар қандай шароитда ўз онтига содиқ бўлиб, вазифасини бажариши шарт бўлганидек, оиласи ҳам шундай шароитларга кўникишга мажбур экан. Яратганга шукур, мана энди бизни ҳам ўз уйимиз — 3 хонали хонадонимиз бор. Бундан фарзандларим жуда ҳам хурсанд. Бизга мана шундай шароитларни яратиб берган давлатимиздан миннатдорман.

Янги ўқув йилида талабалар ва ўқувчилар ҳам замонавий қулайликлардан фойдаланишади

Энг улуғ, энг азиз байрам ва янги ўқув йили арафасида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабалари учун янги ётоқхона қурилиб, фойдаланишга топширилди

Давлат-хусусий шериклик асосида “Самарқанд Шебен класс” МЧЖ томонидан бунёд этилган мазкур талабалар турар жойи 240 ўринга мўлжалланган бўлиб, унинг қурилиш ишларига 8,5 миллиард сўм маблағ сарфланган.

— Мазкур ётоқхонада талабалар учун барча зарур қулайликлар яратилган, — дейди институт ректори Муҳиддин Пўлатов. — Бироқ олий таълим муассасамизда тўққиз минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Шундан тўрт минг нафари кундузги таълим шаклида ўқийди ва 1600 нафар талабанинг ётоқхонага эҳтиёжи бор. Шунинг учун 2024-2025 ўқув йилида ушбу ҳудудда яна битта 600 ўринли талабалар турар жойи қурилади.

Институтга қарашли 375 ўринли талабалар ётоқхонасида эса 1,2 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилган. Жорий йил 615 нафар талаба ётоқхоналарга жойлаштирилади ва қолган талабаларга ижара уйларидан жой топишлари учун институт томонидан ёрдам берилади.

Самарқанд давлат тиббиёт университетида ҳам давлат-хусусий шериклик асосида қурилган янги талабалар турар жойи қуриб битказилди.

620 ўринга мўлжалланган ушбу бино билан университет талабалари учун турар жойлар сони умумий 6 тага етади.

Шунингдек, тез кунларда ётоқхона ёнида маиший хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилади. Марказ таркибида спорт билан шуғулланиш учун зал, кимёвий тозалаш шохобчаси, ателье, сартарошхона ҳамда ошхоналар талабаларга хизмат кўрсатиши режалаштирилган.

Байрам кунлари Нарпай туманидаги 13-умумтаълим мактабида ҳам 180 ўринли қўшимча бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Қарийб 2 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган ушбу зиё масканининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги, нуронийлар ва маҳалла фуқаролари иштирок этди.

Йиғилганлар ўқувчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, Президентимиз томонидан таълимга берилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдиришди.

Паяриқ туман Марказий шифохонасининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Инвестиция дастури асосида 30 миллиард сўм маблағ ҳисобига барпо этилган мазкур янги бино умумий жарроҳлик, болалар, терапия бўлимлари, бундан ташқари, неврология,эндокринология, гинекология, кардиология, анестизиолигия ва реанимация бўлимлари, операцион блок, ички дорихона, ошхона, лаборатория, стерилизация бўлимларини ўз ичига олган.

Шифохона биносининг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар машаққатли касб эгалари бир тану бир жон бўлиб халққа хизмат қилаётганлигини, ушбу янги бинода ташкил қилинган хизматлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишини таъкидлади.

Каттақўрғон шаҳрида уруш йилларида 13 болани бағрига олган Ҳамид Самадов жасорати акс эттирилган монумент очилди

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, матонатли ва бағрикенг инсон Ҳамид Самадовнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳаёти ҳақида сўз юритди.

Фото: “Халқ сўзи”

— Президентимиз 2021-йил 24 сентябрда самарқандлик сайловчилар билан ўтказган учрашувида Иккинчи жаҳон уруши йилларида жангларда қаҳрамонлик кўрсатиб, ногирон бўлиб қайтган Ҳамид Самадов ва унинг умр йўлдоши Санобар Самадованинг турли миллатга мансуб 13 нафар етим болани олиб, вояга етказганини ёдга олган эди, — дейди Г.Алимова. — Шунда Президент “Бундай инсонларга ҳайкал қўйиш керак!», деган гапларни айтган ва бу бўйича зарур топшириқлар берганди.

Ҳамид Самадов Иккинчи жаҳон уруши йилларида икки марта қаҳрамонлик кўрсатган. Биринчиси — Сталинград ва Украина жанг майдонларида бўлса, иккинчиси — фуқаролик бурчини адо этишда. Ҳамид ака 1944 йилда урушдан уйига оғир жароҳат билан қайтиб, 13 нафар қаровсиз қолган болаларни асраб олиб, уларга ғамхўрлик қилган.

Ҳамид Самадов жасоратига, одамийлик хислатларига ҳамоҳанг тарзда барпо этилган ушбу ёдгорлик мажмуаси инсонийликнинг юксак намунасига қўйилган монумент бўлди, дейиш мумкин.

Ургут туманида Боғишамол маданият маркази биноси фойдаланишга топширилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан туман ва шаҳарларда қатор ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топшириляпти. Ургут туманидаги 78-сон Боғишамол маданият маркази биноси ҳам ана шундай иншоотлардан биридир.

— Мазкур маданият маркази 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига “Файз” МЧЖ қурувчилари томонидан реконструкция қилинди, — дейди маданият маркази раҳбари Шукрулло Каримов. — Марказ биносида маъмурият ҳамда тўгарак машғулотларини ўтказиш учун 5 та хона, тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 250 ўринли томошалар зали бор. Марказимиз бошқа зарур жиҳозлар билан ҳам таъминланди.

Маданият маркази янги биносининг тантанали очилиш тадбирда жамоатчилик вакиллари “Беш қарсак” фольклор ансамбли жамоасининг чиқишларини ҳам томоша қилишди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер