Янги маҳалла бинолари фойдаланишга топширилди
Маҳалла тизими ходимлари куни Самарқанд вилоятида ҳам соҳадаги катта ютуқлар асносида кенг нишонланди. Байрам муносабати билан вилоятнинг Каттақўрғон туманидаги Файзикент ва Янги ҳаёт, Булунғур туманидаги Ўроқли ва Каптархона маҳаллаларининг янги, замонавий ҳамда барча қулайликларга эга бинолари фойдаланишга топширилди.
Янги биноларда маҳалла еттилигининг самарали ишлаши учун зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Бинолар том қисмида қуёш панеллари ўрнатилган ва бу билан электр энергиясининг узлуксизлиги таъминланган.
— Бу йил вилоятимиздаги 1063 маҳалланинг 28 таси «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» мақомини олади, май ойига қадар 55 та маҳалла янги бинога кўчиб ўтади, йил давомида 240 та маҳалла биноси таъмирланади, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. — Заруратга қараб бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳам моддий-техника базаси мустаҳкамланади.

Ҳудудларда амалга оширилаётган бундай тадбирлар маҳалла тизимининг нуфузини ошириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолига қулай шароитлар яратиш йўлидаги изчил ишларнинг амалий ифодасидир.
Эндиликда ушбу масканлар маҳалла ҳаётининг муҳим марказига айланиб, аҳолига янада қулай ва сифатли ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг