Янги маданият маркази —илҳом ва ижод маскани
Қутлуғ байрамлар арафасида Урганч шаҳрида замонавий маданият маркази биноси фойдаланишга топширилди. Марказнинг 300 ўринли томошалар зали, овоз ёзиш студияси, тўгарак машғулотлари ўтказиш ва репетиция хоналарига энг сўнгги русумдаги техник воситалар ўрнатилган бўлиб, санъат аҳлининг эркин ижод қилиши учун барча шароитлар яратилган.
Марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг 1-ўринбосари Авазхон Тожихонов бугунги кунда маданият ва санъатга берилаётган эътибор ҳақида тўхталдилар. Янги маданият маркази халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларимизни санъатга ошно этишда муҳим ўрин тутиши, бу ерда яратилган шарт-шароитлар ҳар бир ижодкорни янги ютуқлар сари илҳомлантиришини таъкидладилар.

Яна бир янгилик, Хоразмнинг бой қўшиқчилик ва рақс санъатини авлоддан авлодга етказиш ва янада ривожлантириш ҳамда буюк ҳофизнинг номини абадийлаштириш мақсадида Комилжон Отаниёзов номли янги ашула ва рақс ансамбли ташкил қилинди. Ансамбль учун тегишли штат бирликлари ажратилиб, гастрол сафарларига чиқиш учун янги автобус, саҳна либослари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди. Эндиликда бу ансамбль ҳам ушбу янги бинода фаолият олиб боради. Шунингдек, маданият маркази биносида “Хоразм”, “Мақомчилар”, “Жозиба” халқ ансамбллари жамоалари ҳам жойлашди.

-Вилоятимизда янги ташкил этилган ашула ва рақс ансамблига отамнинг номи берилганини жуда катта ҳаяжон ва чексиз миннатдорлик туйғулари билан қабул қилдим, — дейди Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, марҳум Комилжон Отаниёзовнинг қизи Роҳатой Отаниёзова. — Бу ансамбль нафақат отамнинг ижодий меросини сақлаш, балки уни янада бойитиш ва ёш авлодга етказишда муҳим кўприк бўлади. Хоразм қўшиқчилик ва рақс санъати жуда бой ва бетакрор. Шу маънода, ансамбль ушбу анъаналарни замонавий руҳда давом эттиради, деб ишонаман.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг