Водий ниҳоллари Қашқадарёда куртак ёзади
Иллюстратив фото
Президентимиз Қашқадарёга ташрифи чоғида вилоятда боғ ва токзорларни кўпайтириш, ҳосилдорлигини оширишда водий тажрибасидан унумли фойдаланиш ҳақида мутасадди раҳбарларга топшириқлар берган эди. Шу асосда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан «Водий тажрибасини Қашқадарёга кенг ёйиш» лойиҳаси доирасида ишлар бошлаб юборилди.

Айни пайтда мазкур лойиҳа асосида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавот маҳсулотлар етиштиришда катта тажриба тўплаган соҳибкору деҳқонлар, соҳани яхши биладиган олим ҳамда етук мутахассислар Қашқадарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонлари эгаларига интенсив боғ яратиш, иссиқхонада экин парваришлаш ва томорқадан унумли фойдаланиш сир-асрорларини ўргатишмоқда.
— Водийлик олимлар, мутахассислар, соҳибкору боғбонлардан тузилган ишчи гуруҳи Қашқадарёнинг Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Қамаши, Ғузор ва бошқа туманларида бўлиб, аҳолига кўчат экиш технологияси, дарахтларга шакл бериш, иссиқхоналардан фойдаланиш, интенсив боғларни жорий этиш каби масалаларда кўмак беряпти, — дейди Фарғона вилоятидаги Қува илмий-амалий маркази директори ўринбосари Ҳамиджон Усмонов. —Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Қашқадарё вилоятида бир йилда хорижга 90 миллион АҚШ доллари миқдорида мева, узум, сабзавот полиз маҳсулотлари экспорт қилинаётган бўлса, биргина бу кўрсаткич Қува туманининг ўзида 1 йилда 60 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, Қувада ана шу экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг 40 фоизи аҳоли томорқаларида етиштирилмоқда. Бизнинг мақсадимиз Қашқадарёда аҳоли томорқаларида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйишдан иборат. Бунинг учун биз 15 минг тубдан зиёд олма, беҳи, шафтоли, ўрик, гилос, ёнғоқ ва бошқа кўчатларни олиб келиб, аҳоли томорқаларида ўз қўлимиз билан экиб кўрсатяпмиз.
Қува илмий-амалий марказ раҳбари Зафаржон Мамасолиев фикрларига кўра, Қашқадарёда интенсив боғларни кўпайтириш орқали вилоятда мева етиштириш ва экспортга чиқариш ҳажмини 60 фоизга кўпайтириш имконияти мавжуд.
— Биз Қашқадарёга сафаримиз чоғида жуда кўп хонадонларни ўргандик,жудаям кўп тажрибали боғбонлар борлигига гувоҳ бўлдик, — дейди Зафаржон Мамасолиев. — Лекин ҳозирги кунда Президентимизнинг талаби интенсив боғдорчиликни кўпайтириш, ерлардан унумли фойдаланишга қаратилган. Мана, масалан, олдинги эски боғларда 1 гектар ерда 350-400 туп кўчат экилган бўлса, интенсив боғларда 1 гектар ерга 1250-2000 тупгача кўчат жойлаштирилади. Нави яхши, ҳосилдорлиги юқори, ҳосили экспортга кетадиган ана шу кўчатлар илмий марказимизда етиштирилади ва қашқадарёлик боғбонларга етказиб берамиз.
— Бу ҳамкорлик албатта ўз самараларини беради, — дейди Қашқадарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши бош мутахассиси Руслан Назиров. — Тўғри, бизда ер кўп, фақат томорқа маданиятини юксалтириш лозим. Мана, масалан, вилоятимизда 462606 томорқачи қўлида 55964 гектар томорқа ерлари мавжуд бўлиб, шундан 15 минг гектарига такрорий экинлар, 45 минг гектарига эрта баҳорги ва 14 минг гектарига тўқсонбости экинлар парваришланмоқда. 2019 йилда томорқалардан 900 минг тонна, 2020 йилнинг 9 ойида 1 миллион 173 минг тонна маҳсулот олинди. Жорий йилда томорқада етиштирилган бор-йўғи 96950 тонна маҳсулот экспорт қилинди. Бу 3 миллион АҚШ доллардан кўпроқни ташкил этади. Водий тажрибасини вилоятимизга жорий этиш орқали бу кўрсаткичларни янада юксалтириш мумкин. Буни водийдан келган мутахассисларнинг ўзлари ҳам эътироф этишмоқда.
Водий вилоятларидан келган олиму соҳибкорлар воҳанинг барча туманлари фермерлари, боғбонлари, аҳоли хонадонлари ва томорқачилари ўртасида ўз тажрибаларини кенг ёйиш борасида иш олиб боришмоқда.
Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг