Владимир Норов Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяши билан учрашди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
Токиода Ўзбекистон Республикаси ва Япония ташқи ишлар вазирлари Владимир Норов ва Ёшимаса Хаяши ўртасида учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар бугун бўлиб ўтган Марказий Осиё + Япония мулоқотининг 9-йиғилиши якунларини ижобий баҳоладилар.
В.Норов Ўзбекистон логистика, транспорт боғлиқлиги, таълим ва яшил энергия соҳаларидаги ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш бўйича мулоқот доирасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.
Олий ва юқори даражадаги алоқалар натижасида эришилган келишувларни ҳар томонлама амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
2023 йилга мўлжалланган тадбирлар жадвали, жумладан, Ўзбекистон-Япония вазирликлараро маслаҳатлашувларининг навбатдаги давраси кўриб чиқилди.
Икки мамлакат халқаро институтлар доирасида мулоқотни давом эттириши ва ўзаро қўллаб-қувватлашга содиқлиги тасдиқланди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ё.Хаяшининг таъкидлашича, Япония ишбилармон доиралари Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ижобий қабул қилиб, мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни, жумладан, ҳукумат томонидан суверен кафолатларсиз тўғридан-тўғри инвестицияларни кенгайтиришга тайёр. Бундай турдаги биринчи лойиҳа Сирдарё иссиқлик электр станциясида Япония компаниялари консорциуми иштирокида буғ-газли электр станциясини қуриш бўлади.
Ўзбекистон компанияларини япон брендлари остида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоғига киритиш орқали тўқимачилик саноатида ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, туризм ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг