Владимир Норов Япония ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
2022 йил 24 декабрь куни ташриф билан Токио шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Япония ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди.
Тадбирда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистон бозорига чиқишни режалаштираётган Япониянинг «Mitsubishi Power Ltd.», «Balcom Group», «Mikado Development and Invest», «Noritsuisu Co. LTD», «Haneda Turtle Service», «Nippon Investment Operating Corporation», «Well Solu Co. Ltd» ва «Japan Ecotex Co. Ltd» каби етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди,
Сўнгги йилларда Япония бизнесининг Ўзбекистонда ҳамкорликни фаоллаштиришга қизиқиши сезиларли даражада ошгани мамнуният билан қайд этилди.
Охирги 5 йилда Япония капитали иштирокидаги корхоналар сони етти баробар ошди. Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ўсиш суръати кузатилмоқда.
Юқорида қайд этилган компаниялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши, уларнинг Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, иқтисодий дипломатияни фаол ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Япониялик ишбилармонлар Ўзбекистонда бизнес юритишда яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг