Владимир Норов АҚШ Давлат котибининг Фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўринбосари Узра Зея билан учрашди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг Фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўринбосари Узра Зея билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида фуқаролар хавфсизлиги, терроризмга қарши кураш, кибержиноятчилик, одам савдоси соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш, дин эркинлигини таъминлаш, адлия тизими шаффофлигини, сўз ва матбуот эркинлигини мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқларни қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон минтақа учун «намунали мамлакат» га айланиб, қисқа муддат ичида кўп йиллик муаммоларни тубдан ҳал этиш билан туб ўзгаришларни амалга ошириш имкониятини яққол намойиш этди.
Узра Зея Ўзбекистондаги ислоҳотлар сиёсати АҚШ Давлат департаментининг асосий устувор йўналишларига тўлиқ мос келишини алоҳида таъкидлади. Бу икки томонлама муносабатларнинг юқори динамикаси ва ишончли хусусиятга эга бўлишини таъминлайди.
Томонлар, шунингдек, ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирдилар. Расмий Вашингтон 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни тўлиқ амалга оширишда мамлакатимизга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлиги алоҳида таъкидланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг