Виталий Денисов, Фозил Мусаев, Жасур Ҳасанов “Бухоро” шарафини ҳимоя қилади
Фото: "Халқ сўзи"
Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи”. Ўтган йил суперлигада муваффақиятсиз қатнашиб кучлилар сафини тарк этган “Бухоро” футбол жамоаси жорий мавсумда ўз мухлислари кутган ўйинни намойиш қиладиганга ўхшаб турибди.
Гап шундаки, жамоа Про-лигадаги учрашувларни юлдузли таркибда бошламоқда. Виталий Денисов, Артём Филипосян, Давронбек Ҳошимов, Фозил Мусаев, Жасур Ҳасанов сингари тажрибали футболчилар энди “Бухоро” шарафини ҳимоя қилишади. Яқинда клуб томонидан ўтказилган янги футболчиларни таништириш маросимида ҳам жамоанинг асосий мақсади суперлига йўлланмасини қўлга киритиш экани таъкидланди.
— Юртимизда, жумладан, Бухорода “миллионлар ўйини” саналган футболни жуда яхши кўришади, — дейди мухлислардан бири Шуҳрат Ғаниев. — “Бухоро” жамоаси стадионга тушадиган мухлислар сони бўйича мамлакатимизда етакчилар қаторида туради. Жамоа ҳам шунга муносиб бўлиши керак, албатта.
Айрим мухлисларда жамоа таркибига қўшиб олинган тажрибали футболчиларнинг ёши масаласи хавотир уйғотгани ҳам сир эмас. Дейлик, ўз вақтида Москванинг ЦСКА, “Локомотив”, Днепропетровскнинг “Днепр” клубларида тўп сурган, Ўзбекистон терма жамоаси сафида 72 та ўйин ўтказган ҳимоячи В. Денисов ҳозир 37 ёшда. Лекин Улуғбек Бақоев бошчилигидаги мураббийлар штаби Виталий каби ёши катта футболчиларнинг тажрибаси ва маҳорати жамоага қўл келади, деб ҳисобламоқда. Улар билан ёнма-ён ўйнайдиган ёш футболчилар хийла бўлса-да тўп билан муомала қилиш санъатини эгаллашса ажаб эмас.
Айтиш жоизки, “Бухоро” жамоаси учун айни дамда собиқ “Тўқимачи” спорт мажмуасида замонавий стадион барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Унгача эса жамоа уй ўйинларини Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ўтказади.
Дарвоқе, Про-лига ўйинлари бугун бошланади. “Бухоро” эса эртага, 13 март куни Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси меҳмони бўлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг