Велосипедда ҳаракатланиш қоидаларини биламизми?

19:58 16 Май 2022 Жамият
20185 0

Маълумки, йўл ҳаракати иштирокчилари сифатида нафақат автотранспорт воситалари, пиёдалар, балки велосипед ва бошқа йўлда ҳаракатланувчи транспорт воситалари ҳам назарда тутилади.

Сўнги йилларда велосипед билан боғлиқ аварияларнинг миқдори кўпайиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан берилган маълумотларга кўра, велосипед билан содир этилган жами йўл транспорт ходисалари 2019 йилда 731 та, 2020 йилда 839 та, 2021 йилда 1075 тани ташкил қилган. Кўрсаткичнинг ортиб бораётганлиги, йўл ҳаракати иштирокчиларининг велосипедда ҳаракатланиш қоидаларига етарли даражада эътибор бермаслигини англатади.

Қолаверса, атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашишнинг энг яхши йўли кўчаларда камроқ автомобил бўлиши лозим. Бунда велосипедлар муҳим ўрин тутади. Велосипедлар энг тежамкор, сокин ва маневрли транспорт тури ҳисобланиб, йўллар ва тўхташ жойларида камроқ жойни эгаллаши билан аҳамиятлидир.

Қонунчилигимизда, велосипед билан ҳаракатланишда бир қатор қоидалар белгиланган бўлиб, ушбу транспорт турини ҳайдашдан олдин тегишли йўл-йўриқларни билиш мақсадга мувофиқдир. Қуйида велосипед билан ҳаракатланиш юзасидан миллий қонунчилигимиз ҳамда ушбу соҳада илғор хориж тажрибасини таҳлил қиламиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 мартдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида велосипед ҳаракатланишига доир қўшимча талаблар белгиланган бўлиб, унга кўра, йўлда велосипедни бошқариш 14 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади.

Шунингдек, велосипедлар йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланган.

Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши кераклиги белгиланган.

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга асосан, велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлиши шарт.

Ушбу нур қайтарувчи элементли парчалар бошқа ҳайдовчилар томонидан кўриниши таъминланиши керак.

Аҳамиятли томони, велосипед ҳайдовчиларига қуйдагилар тақиқланади:

рўлни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш;

— йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно);

— габаритдан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш;

— велосипед йўлкаси бўлган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш;

— трамвайлар ҳаракатланадиган йўлларда ва тегишли йўналишда бўлаги биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш.

Чорраҳадан ташқаридаги тартибга солинмаган велосипед йўлкаси билан йўл кесишмасида велосипед ҳайдовчилари йўлда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл беришлари керак.

Қолаверса, қонунчилигмизда велосипедда ҳаракатланувчи шахсларнинг транспорт воситасини бошқаришда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 136 ва 138-моддаларида қуйдаги ҳоллатлар учун тегишли маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланган:

— велосипед ҳайдовчисининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши;

— велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги;

— велосипед ҳайдовчисининг алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши.

Бу каби транспорт тури учун белгиланган талаблар илғор хориж давлатларнинг ушбу соҳадаги қонунчилигига деярли ўхшаш эканлигини қайд этиш жоиздир. Хусусан, Буюк Британия, Германия, Японияда велосипедлариннг ҳаракати йўлнинг ўнг четида, ҳаракатланаётган транспорт бўйлаб юриш тартибига риоя қилинади. Айнан велосипедларнинг жиҳозланиш талаблари ҳам деярли бир хил.

Шунга қарамай, белгиланган ёш чегараси, ушбу транспортнинг қандай жиҳозланиши лозимлиги ҳамда бу каби транспорт воситасини ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ҳолатлари бироз фарқ қилади.

Германияда велосипедда ҳаракатланишга яроқли деб ҳисобланиши учун қонуний равишда унга эгалик ҳуқуқи бўлиши керак. Бу каби транспорт воситаларида ҳар бир ғилдиракда камида 2 та сариқ рангли рефлектор ёки муқобил равишда шиналар, баланд овозли қўнғироқ ҳамда иккита мустақил ишлайдиган тормозлаш мосламаси мавжуд бўлиши керак. Ушбу талабларадан бирини бажармаслик алоҳида тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Германия болаларнинг велосипедда ҳаракатланиш учун ҳам жуда қулай мамлакатдир. Унга кўра, 8 ёшгача бўлган болалар асфальтда велосипедда юришлари мумкин. 8 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар велосипед йўлакчасида ёки йўлакда велосипедда юришлари мумкин.

Буюк Британияда ҳам велосипедда иккита ишлайдиган тормоз тизими бўлиши лозимлиги бўйича талаб мавжуд. Шунга қарамай, Буюк Британияда велосипед қўнғироғи бўлиши қонун билан талаб қилинмайди, аммо бунга эга бўлиш ижобий деб қаралади. Буюк Британияда ҳамма йўлнинг чап томонида ҳаракатланиши керак. Бу каби транспорт воситаларини автомобиль транспорт оқимига қарши ҳайдаш тақиқланади.

Япония йўлларида велосипед ва бошқа автотранспорт воситаси бўлмаган транспортлар чап томондан ҳаракатланиши керак. Агар велосипед йўлаги бўлмаса, транспорт воситалари оқими билан бирга юриш талаби қўйилади. Ушбу ҳолатда, фақат 13 ёшгача бўлган болалар йўлларда ҳаракатланиши мумкин. Японияда ҳам Германиядаги каби велосипедларни маълум тўлов эвазига маҳаллий полиция бўлимларидан фуқаро номига рўйхатдан ўтказилади. Унда фуқаронинг шахсий ва велосипед ҳақидаги малумотлар, шу жумладан церийа рақами ва ишлаб чиқарувчиси ҳам келтирилади. Аҳамиятли томони, Япония йирик шаҳарларида велосипедлар ҳаракатланиш учун суғурта ҳам талаб қилинади

Ушбу давлатларда, ҳар бир қоидаларни бузганлик учун алоҳида тартибда жарима жазоси ишлаб чиқилган бўлиб, улар алоҳида қонун билан тартибга солиниши билан алоҳида аҳамият касб этади. Боиси, қонунларнинг ҳар бири алоҳида транспорт тури учун ишлаб чиқилган ва жавобгарлик масаласи айнан ушбу қонуннинг ўзида кўрсатиб ўтилган.

Хулоса ўрнида такидлаш жоизки, фуқаролар томонидан велосипеддан фойдаланишда ҳамда бошқа турдаги транспорт эгалари, пиёдалар юқорида келтирилган қоидаларга амал қилишлари хавсиз ва қулай йўл ҳаракатини йўлга қўйишга хизмат қилади. Қолаверса, велосипеддан ҳаракатланишда, ушбу соҳадаги илғор хориж давлатларининг тажрибасини миллий қонунчилигимизда қўллаш йўл ҳаракати фаолиятига оид тартиб-қоидаларнинг янада ривожланишига олиб келади.

Бобуржон ДОНАЕВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер