“Ватанпарвар” ташкилоти байрам муносабати билан нафақадаги меҳнат фахрийларидан хабар олди

19:30 01 Октябр 2021 Жамият
1766 0

“Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров ва раис ўринбосари Нурмуҳаммад Мулабаев ташкилотнинг илк раҳбари, истеъфодаги генерал-майор Жамшир Шахмарданов ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, меҳмонлар ва мезбон ўртасида дилдан суҳбат қурилди. 1991-1998 йилларда “Ватанпарвар” ташкилотига раҳбарлик қилган Ж.Шахмарданов ўз фаолияти хотиралари ҳақида сўзлади.

Суҳбат давомида Ж.Шахмарданов “Ватанпарвар” ташкилоти нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларни олқишлашини айтиб, уни йўқлаб келганликлари учун ташкилот раҳбариятига миннатдорлик билдирган.

Ҳусан Ботиров меҳнат фахрийсига исталган вақтда “Ватанпарвар” ташкилотининг азиз меҳмони бўлиб, ўзининг қимматли маслаҳат ва таклифларини бериб бориши мумкинлигини айтган.

Шунингдек, шу куни “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши бўлим бошлиқлари Туробжон Якубов ва Азиз Исроилов ташкилотнинг яна бир собиқ раҳбари, марҳум полковник Абдулазиз Абдуқаҳҳоров хонадонида бўлиб, унинг оила аъзолари ҳолидан хабар олган.

А.Абдуқаҳҳоровнинг рафиқаси ва йўқловчилар марҳумнинг олижаноб ҳислатлари ҳақида суҳбатлашган. Айниқса, унинг устоз сифатида ёш ходимларга бўлган ажойиб муносабати ва иш ўргатиш услублари, шунингдек, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига қилган ғамхўрликлари ёдга олинган.

“Ватанпарвар” ташкилоти ҳузуридаги Республика техник ва амалий спорт турлари маркази бош директори Анвар Курбаниязов ва марказ ходимлари ҳам 28 йил давомида ташкилотнинг Бухоро вилояти кенгаши раиси лавозимида ишлаган, нафақадаги полковник Олег Овчинников хонадонида бўлди.

Суҳбат давомида О.Овчинников уларнинг ташрифидан ниҳоятда мамнун эканлигини билдириб, ўз фаолияти давомидаги хотиралар билан ўртоқлашган. У, шунингдек, “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятининг келгусидаги ишларига омад тилаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер