Ваколати бўлмаган МЧЖ Нуротада ноқонуний тарзда мармар қазиб олгани маълум бўлди
Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нурота туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Е.» МЧЖ масъул шахслари тегишли рухсатнома олмасдан фаолият олиб боргани аниқланди.
Маълум бўлишича, улар тумандаги «Сувлиқ» гранит кони ҳудудидан 404,73 метр куб ҳажмдаги мармарни ноқонуний равишда қазиб олиб, давлат ва жамоат манфаатларига 209,1 миллион сўм зарар етказган. Бу ҳақда Департаментнинг матбуот хизмати маълум қилган.
«Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.
Қайд этиш керакки, Навоий вилоятидаги «Ғозғон» кони Ўзбекистондаги асосий мармар конларидан бири бўлиб, у ўзига хос тилларанг мармари билан машҳур. Мазкур турдаги мармар ички бозорда ҳам, халқаро бозорда ҳам талабгир ҳисобланади.
Маълумот учун айтиш мумкинки, Нурота мармар кони Ғозғон шаҳарчаси яқинида жойлашган бўлиб, 1972 йилдан бери қазиб олинмоқда. Нурота мармар конининг захиралари 1 миллион 700 минг метр куб миқдорида баҳоланган. Нурота мармар конидан олинган мармар плиталар Парижда бўлган халқаро кўргазмада (2000 йил) олтин медалга лойиқ топилган.
Аввалроқ 1 миллиард сўмлик табиий газ ва электр энергиясининг пулини тўламай ишлатганлар аниқланганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг