Усмон Носир — НамМТИ талабалари талқинида
Фото: Халқ сўзи
Жойларда оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги билан боғлиқ маданий-маърифий тадбирлар давом этмоқда. Наманган фарзанди бўлган бу ёрқин истеъдод соҳибининг мураккаб ҳаётини ўрганиш, шеърларини ёд олиш, ижодини кенг тарғиб этиш борасида Наманган муҳандислик-технология институти талабалари эзгу ташаббусга қўл уришди. Гап шундаки, гарчанд технологик йўналишларда таълим олсаларда санъатга, бадиий адабиётга бефарқ бўлмаган бир гуруҳ талабалар Нодира Рашидованинг «Усмон Носир» асарини янги талқинда саҳналаштирдилар.
Кеча Наманган вилояти Маданият марказида кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари, маҳаллалардаги ёшлар ва талабалар иштирокида спектаклнинг тантанали тақдимоти ташкил этилди.
— Биз ушбу саҳна асарини бундан бир йил аввал Талабалар театр студиялари ўртасида ўтказиладиган танловларда иштирок этиш учун танлаб олган эдик, — дейди институтнинг Ёшлар масалалари, маънавият ва маърифат ишлари бўйича биринчи проректори Маъруфжон Қаюмов. — Талабаларимиз асар устида анча меҳнат қилди. Мана, бугун ана шу меҳнат маҳсулини кенг омма эътиборига ҳавола этяпмиз. Премьера билан чекланиб қолмай, спектаклни барча туманларнинг чекка ҳудудларидаги маҳалла ёшлари учун ҳам намойиш қилишни режалаштирганмиз.

Саҳна асари намойиш этилар экан, ҳар бир образ, танланган либослар ва яратилган декорациялар ўша давр қиёфасини тўла акс эттира олгани билан эътиборни тортади. 24-25 ёшли Усмоннинг оғир даврдаги ҳаётий кечинмаларини олиб чиқиш осон эмас, албатта. Бироқ бундай масъулиятни ўз зиммасига олган ҳаваскор актёр, институтнинг биринчи босқич талабаси Илҳомжон Тўрахонов бутун ҳаракатни шоирнинг ҳаётига қаратиб, унинг нутқидан характеригача чуқур ўрганишга уринди.
— Биз ҳар куни дарсдан сўнг ушбу саҳна асари устида ишладик ва бугун уддалаганимиздан хурсандмиз, — дейди бош роль ижрочиси И.Тўрахонов.
Гулдурос қарсаклар, таъсирли нигоҳлар, айрим саҳналар ижроси чоғидаги кутилмаган кўз ёшлари... Буларнинг барчаси ижодий салоҳиятини намойиш эта олган талабаларнинг изланиш ва интилишларига берилган холис баҳо бўлди, десак муболаға эмас.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг