USAIDнинг тўлиқ миссияси Ўзбекистонда фаолият бошлайди

16:20 02 Октябр 2020 Дунё
1072 0

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) 2019-2025 йилларда АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини амалга оширишда тутган ўрни тўғрисида онлайн-брифингда иштирок этди, деб хабар берди «Дунё» АА.

USAID маъмури вазифасини бажарувчи Жон Барса Американинг етакчи «Heritage Foundation» тадқиқот маркази томонидан ўтказилган тадбирнинг очилиш маросимида Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларининг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани, шу вақтдан бери барқарор ва обод Марказий Осиё мустақил давлатларининг ривожланишига кўмаклашаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу тамойиллар АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида ҳам ўзгаришсиз қолди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг 2019-2025 йилларда Марказий Осиёдаги стратегияси АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг жорий йил февраль ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида эълон қилинган эди.

Ушбу стратегиянинг амалга ошиши сифатида USAID раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистонда иккита тўлиқ ваколатхона расман очилишини эълон қилди. Агентлик раҳбари «янги миссияларни яратиш стратегияда белгиланган кенгроқ мажбуриятларни бажариш йўлидаги биринчи қадам» эканини таъкидлади.

«Миссиялар USAID фаолиятининг асосий йўналишлари бўлиб, Қўшма Штатлар ҳукуматлар ва мамлакатлар аҳолиси билан тўғридан-тўғри ва мазмунли алоқаларни ўрнатиш тарафдори эканини намойиш этади»,— деди Жон Барса.

USAID раҳбари Ўзбекистон билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиш ҳақида гапирар экан, Халқ таълими вазирлиги билан шартнома имзолангани, ушбу шартномага мувофиқ АҚШ келгуси беш йил ичида таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион долларгача грант ажратишини таъкидлади.

Брифинг давомида Ўзбекистон элчиси USAID раҳбариятига мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, пандемия пайтида техник ёрдам кўрсатгани учун миннатдорлик билдирди. Хусусан, август ойи охирида АҚШ қарийб 2,5 миллион долларлик 200 та ўпка сунъий шамоллатиш мосламасини тақдим этди. Бундан ташқари, USAID Сардоба сув омборида рўй берган табиий офат оқибатида зарар кўрган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун энг зарур нарсаларни сотиб олиш учун 100 минг доллар ажратди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида баён этилган ташаббус ва вазифалар контекстида Агентлик билан ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Хусусан, 2020-2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини самарали амалга ошириш шароитида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, айниқса ёшлар ўртасида таълим даражаси ва соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган биргаликдаги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.

Савдо, инфратузилмани ривожлантириш, энергетика, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, Орол денгизи минтақасини инновацион ва технологик ривожлантириш соҳасидаги минтақавий ташаббусларни амалга ошириш бўйича ўзаро алоқаларнинг муҳимлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер