«Урушни ҳозироқ тўхтатинг»: 25 та давлат Исроилнинг Ғазога қарши босқинини қоралаб, қўшма баёнот билан чиқди
Йигирмадан ортиқ давлатлар Исроилнинг Ғазога қарши урушини қоралаб, ушбу босқинни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.
Унда айтилишича, Буюк Британия, Франция, Австралия, Янги Зеландия, Канада, Япония ва яна 17 та давлат Исроилнинг Ғазода қилаётган босқинлари янги босқичга кўтарилганидан хавотирда эканини билдириб, мазкур можаронинг тугашини ёқлаган қўшма баёнотини эълон қилди.
Мамлакатлар, шунингдек, Исроилнинг Ғазога ёрдам етказиб бериш моделини қоралаб, «бу фаластинликларнинг инсоний қадр-қимматидан маҳрум қилади» дея баҳолаган.
«Исроил босқини Ғазодаги тинч аҳолининг азоб-уқубатларини янги босқичга олиб чиқди. Ўт очишни зудлик билан тўхтатиш керак. Фаластинлик асирларни озод қилиш ва ҳудудга инсонпарварлик ёрдамларининг эркин кириб бориши таъминланиши лозим. Исроил ҳукуматининг тинч аҳолига муҳим гуманитар ёрдам юборишни рад қилиши мумкин эмас. Исроил халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларини бажариши шарт», — дейилади ушбу қўшма баёнотда.
Шунингдек, мазкур қўшма баёнотда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш талаб қилингани билан бир қаторда, давлатлар минтақада тинчликка эришиш учун сиёсий йўлни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, Исроил икки ойдан кўпроқ давом этган умумий блокадани юмшата бошлагандан бери Ғазода озиқ-овқат олишга уринган 875 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг