Умумхалқ ҳаракатига айланган эзгулик

17:54 22 Сентябр 2021 Жамият
561 0

Коронавирус пандемияси бутун дунё халқлари учун оғир ва мураккаб синов даври бўлди. Пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш, аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш, айниқса, кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қариялар, даромад манбаи бўлмаган, вақтинча ишсиз аҳоли қатламига манзилли моддий ва маънавий кўмак беришда “Саховат ва кўмак” жамғармаси халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат, ҳамжиҳатлик каби юксак фазилатларини амалда намоён этаётир.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган мазкур жамғарма маблағлари ҳомийлик ва хайрия маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар тарзида манзилли етказиб берилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, туман ва шаҳарларда ҳар бир сектор раҳбари томонидан маҳаллалар билан биргаликда ҳар бир оила, фуқароларнинг моддий аҳволини ўрганган ҳолда, ҳафталик ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилаётир.

—  Халқимиз оғир, мураккаб синов даврида ҳамиша ўзаро бирлашган, бир-бирига ёрдам кўрсатган, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Холмамат Самадов. — Ҳамон бутун дунё бўйлаб давом этаётган коронавирус пандемияси, шубҳасиз, эл-юртимизнинг сабру матонатини яна бир бор синовдан ўтказяпти.

Маълумотларга кўра, “Саховат ва кўмак” жамғармасига беминнат  ёрдамларини кўрсатиб келмоқда. Агар ўтган йили жамғарма маблағлари ҳисобидан 3 минга яқин фуқароларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатилган. Жорий йилнинг саккиз ойида ушбу жамғармаси ҳисоб рақамига жами 36 миллиард 220 миллион 123 минг сўм келиб тушди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, давлатимиз томонидан саховатпеша тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш маханизми яратилган бўлиб, уларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилмоқда.

Бугунги кунга қадар секторлар раҳбарлари томонидан жойларда ўтказилган сайёр қабулларда, шунингдек, хонадонма-хонадон юриб, аҳолини мунтазам равишда ўрганишлар натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, «темир дафтар»га киритилган 6661 та оила аниқланди. Меҳнатга лаёқатли, ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2 млрд. 449 млн. сўмдан зиёд, моддий ёрдам олиш мақсадида мурожаат қилган фуқароларга 5 млрд. 571 млн. сўмдан ортиқ, ногиронлиги мавжуд бўлган ва сурункали даволанишга муҳтожларга 1 млрд. 840 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 866 нафар фуқарога 337 млн. сўмликдан зиёд моддий ёрдамлар кўрсатилди.

— Учинчи фарзандим туғуриқ асорати сабаб кўзи кўрмай қолди. Оилавий аҳволимиз ночорлиги туфайли операция учун керакли маблағни топа олмадик. Шу боис “Маҳалла” хайрия жамаот фонди Жарқўрғон тумани бўлимига ариза билан муражаат қилдим. “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан ажратилган ўн миллион сўм моддий кўмак мушкулимизни осон қилди. Амалга оширилган мураккаб жарроҳлик амалиёти натижасида қизим Шукрона бу ёруғ оламни кўрадиган бўлди. Фарзандимга кўрсатилган беғараз ёрдам учун халқимиз, давлатимиздан беҳад миннатдорман, — дейди жарқўрғонлик Гуласал Мирзаалиева.

Бугунги кунда жамғарма фаолияти умумхалқ ҳаракатига айланди. Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга меҳр кўрсатиш, ёрдам қўлини чўзишдек бу хайрли ҳаракат тадбиркорлар ҳамда фермерлар, хўжалик бирлашмалари, турли идора ва ташкилотлар ишчи-ходимлари учун ҳам савобли иш, ҳам ватанпарварлик намунасини эканини амалда намоён этаётир.

Илҳом РАҲМАТОВ

(“Халқ сўзи”).

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер