Уларнинг мақсадлари ёвуз ва жиноийдир — Лоббизм нима?

20:50 08 Июнь 2022 Дунё
4620 0

Иллюстратив фото

Аввало лоббизмнинг ўзига таъриф бериб ўтсак: Лобби, лоббизм – давлат идоралари, қонунчилик, ижроия, суд ҳокимиятининг минтақалар иқтисодиёти айрим тармоқ ва соҳаларини, корхоналар ва ижтимоий гуруҳларни объектив зарурат тақозоси билан эмас, балки маълум бир манфаатларни кўзлаб, баъзан мансабдор шахсларни сотиб олиш йўли билан қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолият.

Лоббистлар ҳокимият вакиллари қиёфасида ўз ҳимоясидагиларга катта фойда берадиган давлат буюртмаси, кредит, ёрдам, имтиёз ва лицензиялар олишда, иқтисодий ва тижорат фаолиятида, янги корхоналар очиш ва уларни рўйхатдан ўтказишда, рақобатчиларни синдиришда қулай шароит яратишга кўмаклашади.

Демак, лоббизм, ўз навбатида, қонун ижодкорлиги ниқоби остида қабул қилинадиган қонунлар ҳисобланади. Бундан кўринадики, лоббистик фаолият давлатдаги ижтимоий адолат тамойилига таъсир қилиб, қонуннинг қонуний равишда коррупцияга ёки муайян шахсларнинг манфаатига хизмат қилишига олиб келади.

Шу ўринда Ўзбекистонда лоббизмга йўл қўйилмаслигини айтиш зарур. Бизда қонун ижодкорлиги жараёни Конституцияга ва қонунларга асосланган ва кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда амалга оширилади. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, бу  ҳолат кўпгина давлатларда қонуний ҳисобланади.

Демократик жиҳатдан ривожланган АҚШ бунга ёрқин мисол бўла олади. Лоббизм асосан қонун ижодкорлиги жараёнида маълум қатлам ёки иқтисодий олигархлар манфаатини кўзлаб парламент аъзоларининг овозларини сотиб олиш орқали ёхуд уларга босим ўтказиш йўллари билан қонунлар ёки сиёсий қарорлар қабул қилишга таъсир этишга интилган вақтда юзга чиқади. АҚШлик профессори М. Олсон лоббизмнинг салбий ҳолатини шундай ифодалаган: «Уларнинг мақсадлари ёвуз, жиноийдир. Чунки лоббистлар ўз манфаати учун қўлидан келган барча ишни қилишга қодир. Лоббистлар тор манфаатли кишиларга хизмат қилади ва жамият фаровонлиги ҳақида умуман қайғуришмайди».

Барак Обаманинг АҚШ президентлигига сайлангандаги «Маъмуриятимда лоббичиларга ўрин йўқ», деб айтган сўзи ҳам  лоббизм ёмон иллат эканидан далолат бериб турибди.

Аммо тан олиш керакки, Америкада сиёсатнинг қайси йўналишда кетиши тўлиғича лоббичилар назоратида. Яъни Америкада сизни эшитишларини хоҳласангиз, албатта, лоббист ёллашингизга тўғри келади. Демак, инсон ҳуқуқлари ҳамма нарсадан устун, деб жар солинувчи Америкада ҳам бу иллат мавжуд.

Хавфли томони шундаки, лоббистларнинг аксарияти ўз соҳасини яхши биладиган ҳуқуқшунослардир. Аслида, ҳуқуқшунослар инсонлар манфаатини ҳимоялаши ва адолатни таъминлаши лозим, олигархлар манфаати учун халқ манфаатларига зиён етказмаслиги керак. Лоббичилар одатда халқ манфаати учун курашаётганини рўкач қилсада, амалда муайян ва тор доира учун хизмат қилаётган бўлади. 

Бу ҳақда бежиз батафсил тўхталаётганимиз йўқ. Лоббистик ҳаракатлар кўпинча мамлакат тараққиётига ҳал беради, жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига жиддий футур етказади. Шу маънода, бугун биз бу хавфдан огоҳ бўлишимиз керак. Негаки, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар, сайтлар ёки блогерлар ёрдамида лоббистик ғояларни халқ онгига сингдиришга уринишлар кузатилмоқда.

Маликадиана ИСРОФИЛОВА, ЎзДЖТУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер