Уйдан туриб СТИР олиш ёки уни ўзгартириш имконияти яратилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my2.gov.uz)да “Жисмоний шахслар учун СТИР олиш ёки СТИР маълумотларини ўзгартириш” хизмати ишга туширилди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур хизмат орқали солиқ тўловчи мурожаати бўйича идентификацион рақамларини аниқлаб олиши, шунингдек, СТИР маълумотларини қисқа вақт ичида ўзгартириши мумкин. Мурожаат юборилганидан сўнг СТИР гувоҳномаси электрон кўринишда мурожаатда кўрсатилган электрон почта манзилига тақдим этилади.
Хизматдан фойдаланиш учун паспорт нусхаси (яшаш жойи маълумотлари билан) керак бўлади.
Давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчига идентификацион рақам (СТИР) бериш ёки ҳисоб маълумотларига ўзгартириш киритиш учун солиқ тўловчи жисмоний шахс:
1. Тегишли амални танлайди (ҳисобга қўйиш ёки ҳисоб маълумотларига ўзгартириш киритиш);
2. Ариза шаклини электрон тўлдиради;
3. Сканерланган паспорт нусхасини юклайди;
4. Доимий яшаш манзили бўйича давлат солиқ инспекциясига электрон аризани юборади.
Мазкур жараёндан сўнг 3 иш куни давомида давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги бўйича гувоҳномани аризада кўрсатилган электрон почта манзилидан олади.
Энди фамилия ёки шахсий паспорт маълумотларини ўзгартирган тақдирда, Ўзбекистон фуқаролари амалдаги СТИР маълумотларни ўзгартириш учун солиқ қўмитаси бўлинмаларига ташриф буюришлари талаб этилмайди. Уни my2.gov.uz орқали кўчага чиқмасдан туриб ёки ўзларига яқин Давлат хизматлари марказига бориб ўзгартиришлари мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг